Пайшанба, 18 Yanvar 2018

Автомобиль кондиционери нега хавфли ҳисобланади?

Ҳар қандай маиший техника ундан нотўғри фойдаланилганда зарар етказади. Кондиционер соғлиғингизга путур етказмаслиги учун бир неча оддий қоидаларга риоя қилиш лозим. Айниқса, автомобиль кондиционеридан фойдаланганда.

Тадқиқотлар тасдиқлашича, кондиционер ҳавони совитишни бошлаганда, иссиқ ҳавони чиқариб ташлаш учун бутун иссиқликни пластикка беради. Натижада ҳавода саратонни чақирувчи бензол пайдо бўлади. Бунинг олдини олиш учун эса ойналарни бир неча дақиқа очиқ ҳолатга келтириш ўта аҳамиятлидир.

 Биласизми?

Биринчи кондиционер 1902 йилда кашф этилган. Қизиғи шундаки, у хонани совитиш учун эмас, босмахонанинг нашр сифатига салбий таъсир кўрсатаётган нам ҳавони қуритиш учун мўлжалланган эди.

 Африкада кондиционер йўқ

Дунёнинг энг иссиқ минтақаси Африка кондиционерлар хариди бўйича орқада. Буни аксарият аҳоли гавжум жойларда электр тармоғи ўтказилмагани, тармоқ мавжуд бўлган жойда эса ундан фойдаланиш жуда қимматга тушиши билан изоҳлаш мумкин. Кондиционердан фойдаланилган 2 ой муддат учун электр токига сарфланадиган харажат кондиционер нархи билан баробар бўларкан.

 Фойдаланишда нималарга эътибор бериш лозим?

  • Кондиционердан чиқаётган ҳаво оқими сизга қаратилмаган бўлиши лозим.
  • Ташқаридаги ва ичкаридаги ҳаво ҳарорати орасидаги тафовут 5-7 даражадан ошмагани маъқул. Акс ҳолда организм мослашишга қийналади.

Тадқиқотларга қараганда, кондиционер ҳавони совитишдан аввал таркибида бензол бўлган иссиқ ҳавони чиқаради. Қанчалик зарарли ҳаводан нафас олишга тўғри келишини англаш қийин эмас. Бу аҳволда саратон касаллигини орттириб олиш мумкин.

Оддий ва ишончли тавсияларга риоя этиш зарур:

  • Кондиционерни машинани ўт олдириш билан бир вақтда ёқманг.
  • Дастлаб деразаларни бир неча дақиқага очиб, сўнгра кондиционерни ёқинг.
  • Деразаларни қўшимча бир неча дақиқага очиқ ҳолда қолдиринг.

 Соғлиғингиз учун хатарли!

Бу ишингиз билан нафақат ўзингизни, балки яқинларингиз, дўстларингиз ва бегоналарнинг ҳам ҳаётини сақлаб қолаётганингиз ҳақида ўйланг.

Чунки соя-салқин жойда кун давомида ёпиқ ойналар билан қолдирилган автомобилда 400-800 мг. миқдорида бензол тўпланади. Агар у очиқ қуёш остида, 16 даражадан юқори ҳарорат остида қолдирилган бўлса, бензол кўрсаткичи янада ошади. Унинг миқдори меъёрий кўрсаткичдан 40 баробар зиёда, яъни 2000-4000 мг.га етади.

Ёпиқ ойнали машинада кетаётган одамлар маълум бир миқдорда бензол ютиб кетишади. Бензол — буйрак, суяк ва жигарга зарар келтирадиган заҳар тури ҳисобланади. Энг ёмони организмни бу заҳардан тозалаш жудаям қийин. Автомобиллар қўлланмасида кондиционер қўйилгандан сўнг, ойналарни икки дақиқа мобайнида очиб қўйиш кераклиги эслатиб ўтилган. Афсуски, нега бундай қилиш лозимлиги ҳақда ёзилмаган. Шунда ҳам бу маслаҳатни фақатгина энг зўр автомобиллар қўлланмасида учратиш мумкин.

ШОҲЖАҲОН тайёрлади.