Сешанба, 19 Июнь 2018

Автомобиль бошқариш маданияти ҳақида

 Оламда автомобиль яратилганидан буён ҳар турли қоидалар ишлаб чиқилди, ҳаётга татбиқ этилди. Булар фақатгина транспортни бошқариш ёки йўл ҳаракати қоидаларигина эмас. Ҳар бир ҳайдовчи аввало, инсон сифатида амал қилиши лозим бўлган бир қанча ёзилган ва ёзилмаган қоидалар ҳам борки, уларнинг баъзиларига тўхталишга қарор қилдик.

 Аёллар ҳамиша ҳурматга сазовор

Авваллари эркак-ҳайдовчи каретадан тушаётганда аёл суяниб тушиши учун қўлини узатган. Ҳозир эса эркак киши автомобиль эшигини аёлга очиб беради ва унинг автомобилга ўтиришига ёрдам беради. Бироқ бундай мулозамат фақат баъзи расмий доиралардагина сақланиб қолган. Шунингдек, бу хилдаги муносабат алоҳида назокат сифатида қабул қилинган. Рулда ўтирган эркак (хизмат машинасини бошқарувчи штатдаги ҳайдовчи эмас) фақатгина энгашиб автомобилнинг хоним ўтирган эшигини очиб беради.

Меҳмон ва кексалар учун мулозамат зарур

Халқаро битимлар қоидаларида автомобиль жойлари бир неча фахрли ўринларга бўлинади. Машина юраётганда унинг ўнг томонидаги орқа ўриндиқ энг фахрли ва хавфсиз жой ҳисобланади. Фахрли жойни эгаллаган йўловчи биринчи бўлиб машинага ўтиради ва машинадан тушади. Қолганлар эса чап томондаги эшикдан ўтиради.

Одатда, ҳайдовчи ёнидаги ўриндиқни автомобиль эгасининг рафиқаси эгаллайди. Баъзи ҳолларда бу ўриндиққа ўтиришни меҳмонларга таклиф қилиш мумкин. Бироқ агар сиз такси ҳайдовчиси бўлмасангиз, ҳайдовчи ёнидаги олдинги жойга меҳмонни ўтиришга таклиф қилсангиз, “қоида”ни бузган бўласиз. Ўз машинангизда бўлсангиз, меҳмонни олдинги ўриндиққа таклиф қилишингиз мумкин. Унутманг, меҳмонлардан олдин эшикни очиш эркак киши, ҳайдовчи, соқчи ёки таржимоннинг вазифасига киради.

Шунингдек, ўрта ёшдаги одамлар кексайган кишиларга олдинги ўриндиқни бўшатиб бериши керак. Албатта бунда уларнинг хоҳишлари ҳам инобатга олинади.

Йўл ҳаммага етади

Агар сиз автомобиль бошқарувида бўлсангиз, ёдда тутингки, йўл ҳаммага тегишли ва уни пойга майдонига айлантириш яхшиликка олиб бормайди. “КАМАЗ — ракета эмас, катта йўл — космос эмас” деган ҳазилни эшитгандирсиз? Орқада келаётган машина сиздан ўтказиб юборишингизни сўраса, унга йўл беринг. Бошқа машинани ўтказиб юборишни ўзингизга нисбатан камситиш деб баҳолаш аҳмоқона одатдир. Агар бу одат сизда бўлса, тезгина ундан воз кечишингизни маслаҳат берамиз. Вақти келганда хурсанд бўласиз.

 Тақиқлар

Барча қоидаларга кўра, машина бошқарувига маст ҳолда ўтириш тақиқланади. Машина бошқарувида ўзи ва бошқаларнинг ҳаётига хавф солувчи ҳар қандай ҳолатлардан тийилган маъқул.

Хавфсизлик камарини тақиб олинг. Бу йўлдаги кутилмаган ҳодисалардан жароҳатланишдаги хавфни анча камайтиради.

 Шунингдек…

Рангли сигналлар тизимидан фойдаланиш ортиқча. Биринчидан, у сизни йўл-транспорт ҳодисаларидан сақламайди. Сигнализациядан ўз манфаатингиз учун фойдаланиш сизга бошқа ҳайдовчилар ва пиёдалар томонидан яхши танбеҳларни келтирмайди.

 “Тиқин”ларда асабийлашманг

Йўлда ҳайдовчидан аввало эҳтиёткорлик ва эътибор, эпчиллик ва аниқлик талаб этилади. Баъзан чорраҳаларда машиналар тиқилинч бўлиб қолади. Бундай ҳолларда асабийлашиш, бошқалардан тезроқ ўтиб кетишга ҳаракат қилишнинг фойдасидан кўра зарарли томонлари кўп.

 Тиним билмас ҳайдовчилар учун

Узоқ йўл босиб бораётган ҳайдовчилар ҳар уч соатда тўхтаб, бир нечта жисмоний ҳаракатларни бажарсалар, ўзлари учун нечоғли фойдали бўлишини билардилар. Масалан, юз-қўлларни ювиши, имкон қадар 15-30 дақиқа мизғиб олиши ҳам мумкин. Шунингдек, чой ёки қаҳва ичиб олса бўлади. Тунда кетаётган бўлсангиз, янаям эҳтиёткор бўлинг, чунки қаршингиздаги автомобилларнинг чироғи кўзни қамаштиради.

Йўлда ҳаракатланаётган вақтда йўловчилар, айниқса, аёллар  ҳайдовчини гапга тутмагани маъқул. Бу уни бошқаришдан  чалғитади.

ШОҲ ЖАҲОН тайёрлади.