Пайшанба, 20 Сентябрь 2018

Эътибор, эътироф, эҳтиром завқи

Cиновларга ва қувончларга эш бўлган умримизнинг яна бир довонини ортда қодиряпмиз. Янги йил — умидлар, орзулар ва тилаклар завқи билан кўнгилга ажиб туйғуларни бахш этадиган байрам. Шунинг учун ушбу байрамни нафақат болалар, балки катталар ҳам ўзгача ҳаяжон ва ишонч билан қарши олишади. Айниқса, ушбу йилда ўз интилишлари ва меҳнатлари самараси ўлароқ ютуқларга эришган юртдошларимизнинг кайфияти ниҳоятда кўтаринки. Зеро, она Ватанимиз равнақи учун хизмат қилиш шарафи кимга ҳам фахр ва ғурур бағишламайди,  дейсиз…


Санъатсевар қалблар қувончи

Насиба СОДИҚОВА,

Ўзбекистон Бадиий Академияси қошидаги республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати халқ чолғулари бўлими раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби:

— 36 йилдан бери ушбу таълим масканида ишлайман. Бугунги кунда 30дан ошиқ лауреатларим бор. 2016-17 ўқув йили бошларида Санкт-Петербургда икки шогирдим билан гран при олиб қайтдик. 2017 йил аввалида эса “Истеъдод” дуторчилар ансамблимиз Москвада ўтказилган “Мир за мир” деб номланган танловдан биринчи ўринни олди. Апрель ойида Италияда ўтказилган конкурсда 3та шогирдим фахрли ўринларни қўлга киритишди.

2018 йилда “Истеъдод” ансамбли иштирокчилари Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида бўлиб ўтадиган танловда ҳам яхши натижаларни эгаллашларига ишонаман. Фарзандларимиз истеъдодига, уларнинг ажойиб ютуқларига кўз тегмасин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!


Бахт рангига чулғансин олам!

Дилором МАМЕДОВА,

ранг-тасвирчи рассом, “Шуҳрат” медали соҳибаси:

— 2017 йил менга жуда омадли келди. Мазкур йилда юртдошларимизга “Муҳаббат алангаси” деб номланган ижодий кўргазмамни намойиш этдим. Россияда бўлиб ўтган кўргазмада ҳам ўз асарларим билан  муваффақиятли иштирок этдим.

Мукофот билан тақдирланганим менга жуда катта масъулият юклади. Она Ватанимиз номини бутун дунёга танитишда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Янги йил барчамизга омадли келсин! Ижодий ютуқларга бой бўлсин!


Бир кафт жойга ҳам райҳон экамиз…

Фарида АФРЎЗ, “Дўстлик” ордени соҳабаси, шоира:

— Бу йил янги китобим чоп этилиши билан бирга шеърларим итальян, немис, француз тилларига таржима қилинди. Айниқса, “Дўстлик” ордени билан тақдирланишим 2017 йилдаги энг катта ютуқларимдан бўлди. Шунингдек, адабиёт бўйича Швейцарияда ўтказилган конференцияда ҳам қатнашиш бахтига муяссар бўлдим. Хорижда бўлган чоғларимда бизнинг миллатимизга ўхшаш миллат бошқа йўқлигига яна бир бор амин бўлдим. Бир кафт жойи бўлса ҳам райҳон ва кўчат экадиган, боласининг боласини ҳам ўйлайдиган, танти ва мард одамлар фақат Ўзбекистонда бор.

Барча юртдошларимизга Янги йил муборак бўлсин!


Радиомухлислар мукофоти бу!

Баҳодир МАГДИЕВ, “Орият-доно” радиоси бошловчиси, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони соҳиби:

— Аввало, нодавлат телерадиокомпанияларига  катта эътибор бераётгани учун юртбошимизга, шунингдек, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қуватлаш миллий ассоциациясига миннатдорчилик билдираман. Албатта, ушбу мукофот “Орият-доно” радиоси жамоасига ҳам тегишли.  Қолаверса, у бизни изланишга ундайдиган жонкуяр радиомухлисларнинг ҳам мукофоти, деб биламан.

Янги йилда кўзлаган режаларимиз анчагина. Шундай экан, бизни тинглашда давом этинг, азиз юртдошлар! 2018 йил ҳаётингиздаги энг муҳим воқеаларга бой бўлсин!


Адабий ҳамкорлигимиз абадий бўлсин! 

Шуҳрат РИЗАЕВ, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири:

— Бугун ўзбек адабиёти ва санъатининг жаҳон эътирофида ва нигоҳида ривожланиб бораётгани қувонарли. Ёш таржимонларимиз жаҳон адабиёти асарларини она тилимизга ўгириши билан бирга, ўзбек тилидаги ижод намуналарини хорижий тилларга муваффақиятли тарзда таржима қилмоқдалар. Бу жараённи кузатиш ва юртдошларимиз қаторида катта шижоат ва илҳом билан фаолият олиб бориш қанчалар завқли!

Камтарин хизматларимни эътиборга олиб мени “Дўстлик” ордени билан тақдирлашгани учун Президентимизга ташаккур билдираман. Бу мукофотлардан кейин янада шижоат билан ишлашимиз керак. Барчамизга янги қадамлар ва улкан орзулар завқи қутлуғ бўлсин!

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА ёзиб олди.