Душанба, 15 Oktabr 2018

Қачон муваффақиятга эришамиз?

Муваффақият ва омад истагида жаҳон кезиб юрган йигит мақсади сари элтадиган зарур маслаҳатни олиш учун узоқ йўл босиб, олис мамлакатдаги ном қозонган кекса донишманднинг олдига келибди. Кўл ёқасида балиқ овлаётган донишманд муваффақият талабгорининг муддаосини тинглагач, унга сувга тушишни буюрибди. Жаҳонгашта ҳайратини яшира олмай, бир муддат донишмандга таажжубли нигоҳда тикилиб қолибди.

— Сувга туш! — такрорлабди доно одам.

Жаҳонгашта ноилож оёғининг учини кўлга секин ботириб, тиззасигача сувга тушибди. Чол унга юришда давом этишни буюрибди. “Тавба, мен бу чолдан қандай қилиб муваффақият қозонишим мумкинлигини сўраш учун шунча йўл босиб келсам-у, у бўлса мени масхара қилса…” — деган ўй ўтибди йигитнинг хаёлидан. Донишманд эса унга юришда давом этаверишни буюраверибди.

Жаҳонгашта йигит елкасигача сувга ботибди.

— Балки бўлди қиларман? — дебди сўнг.

Чол қўли билан кўлнинг ўртароғига ишора қилибди. Сув аввалига даҳанга, кейин эса кўз ва пешанага қадар кўтарилибди. Ўн-ўн беш сониядан сўнг кўлга ғарқ бўлаёзган йигит донишманднинг ортга қайтиши мумкинлиги ҳақидаги буйруғини эшитгандай бўлибди ва ортга қайтибди.

— Энди сенга саволим бор, — дебди донишманд. — Менга айт-чи, сув остига чўкаётганингда жон-жаҳдинг билан хоҳлаган, идрокингдаги ягона истак нима эди?

— Тўйиб-тўйиб нафас олгим келди, — жавоб берибди ҳансираётган йигит ўйлаб ҳам ўтирмасдан.

— Баракалла! Қачонки жисмингда ҳамда идрокингда муваффақият қозонишга бўлган ана шундай кучли истак уйғонса, ўшанда албатта, муваффақиятга эришасан, — дебди донишманд…

Бу дунёда ўзгариш — энг қийин иш. Сабаби шуки, бир дамлик ҳузур-ҳаловатнинг ўзи билан чекланиб қўя қоламиз. Қўрқоқ туйғулар бизни чўчитиб туради. Мириқиб дам олишга бўлган хоҳишимиз кўпинча муваффақият қозониш иштиёқидан устун келади. Аслида барчага тенг имконият ҳамда вақт берилган. Фақат кимлардир бир оз кўпроқ ишлайди, холос. Эришадиган нарсанг учун ҳар дақиқа ўзингда бор нарсадан воз кечишга тайёр туриш — ҳаётнинг ғалаба қозониш учун муҳим қоидаси. Бу “қурбонлик” сенинг ҳузур-ҳаловатинг, тўйиб-тўйиб дам олишинг, кунлаб ҳордиқ чиқаришинг, вақтичоғлигинг, телевизор қаршисида соатлаб фильмлар кўришинг бўлиши мумкин. Хитойлик донишманд Лао Цзи айтгани каби, ҳузур билан тамадди қилишни истасангиз, аввал очликни ҳис қилинг. Ҳамма нарсага эришишдан аввал ҳамма нарсангиздан воз кечиш лозимлигини ҳам унутманг!

Инглиз тилидан Шуҳрат САТТОРОВ таржимаси.