Чоршанба, 17 Oktabr 2018

Аслида ким ақллироқ? (ҳикоя)

Янги келган ўқитувчи дарсда болалар Мойша исмли тенгдошини “тентак” деб, жиғига тегишаётганини билиб қолди. Танаффус вақтида у ўқувчилардан нега бундай қилишаётганини сўради.

— У ростдан ҳам аҳмоқ, жаноб ўқитувчи, — дейишди болалар, — агар унга беш шекел (олтин ва кумуш танга ўлчови)ли катта танга ва ўн шекелли кичкинагина танга берсангиз, у миқдори кўп деб ўйлаб, катта тангани олади. Мана, ўзингиз кўринг…

Бола шундай дея ўша синфдошига икки хил танга узатди. Мойша ростдан ҳам таклиф қилинган тангадан ҳажми каттасини танлади. Бу ҳолат бир неча бор айнан шундай такрорланди. Ўқитувчи ҳайрон бўлиб, боладан сўради:

— Нега сен ўн рақами ёзилган тангани эмас, беш рақамли тангани оляпсан?

— Устоз, бу танга каттароқ-да, мана, ўзингиз кўринг, — деди бола.

Дарслар тугагач, ўқитувчи Мойшанинг олдига келди ва унга мурожаат қилди:

—  Наҳотки тушунмасанг, ахир ўн рақами туширилган тангага кўпроқ нарса сотиб олиш мумкин, беш рақамли танга эса ҳажми жиҳатидан катта, холос.

— Албатта, тушунаман, устоз, — деди бола.

— Унда нега беш рақамли тангани танлаяпсан?

— Агар бу тангани танласам, улар менга бошқа пул бермай қўйишади-да!

Бу гапни эшитган ўқитувчи аслида ким ақллироқ эканини тушуниб, кулиб юборди.

Муҳаббат ШАРИФОВА таржимаси