Чоршанба, 23 Oktabr 2019

Аҳрор Қўшматов: “Қўлимизда китоб бўлса кечирилардик” (суҳбат)

“Имкон шоу” дастури орқали бутун Ўзбекистон халқига танилган Аҳрор ҚЎШМАТОВ  1978 йилда Сирдарё вилоятида туғилган. Тошкент давлат санъат ва маданият институтини режиссёрлик йўналиши бўйича тамомлаган ижодкор айни дамда янги-янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.

— Сизни анчадан буён “Duel” дастурида бошловчи сифатида кўряпмиз. Бу дастурнинг дунёга келиши қандай кечди?  

— Кўпчиликнинг хабари бор, олдин “Ёшлар” телеканалида фаолият юритардим,. “ZO‘RTV” телеканалидан “Имкон шоу”ни шу каналда қила оламизми, деб сўрашди. Мен бу лойиҳа умрини яшаб бўлганини, энди янги лойиҳа қилиш кераклигини айтдим ва анчадан бери ўзим ўйлаб юрган тайёр лойиҳам хаёлимга келди. “Наво” каналида “Наво шоу” кўрсатувини тайёрлаб юрган пайтимда жуда кўп ёш ҳаваскор санъаткорлар ҳам мурожаат қилишарди. Лекин уларни телевидениега олиб чиқиш учун бир баҳона йўқ эди, чунки дастурда фақат юлдузлар иштирок этарди. Кўрсатувда иштирок эта олмаслигидан маъюсланиб қолган, руҳи тушган бу ёшларни кўриб, “Демак, бу ёшларни ҳам олиб чиқадиган қандайдир ғоя қилиш керак” деб ўйлаб юрардим.

Таклифни эшитиб, мўлжаллаб қўйган мана шу режамни қоғозга тушириб, телеканалга олиб келганимда, лойиҳа барчага маъқул бўлди. Бугун кўрсатув орқали ҳаваскорларга жуда катта имкон бердик. Нафақат санъат йўналишида таҳсил олаётганлар, балки бошқа соҳада ишлаётганлар ҳам бугун “Duel” орқали ўзи севган юлдуз билан ёнма-ён туриб қўшиқ айтиш имконига эга бўлишди. Очиғи, боя айтганимдек, орзуси амалга ошмай қолаётган ҳаваскорларни кўриб, ўзимни айбдордек ҳис қилардим. Кўрсатувда бунга имкон туғилгач, жуда кўпчилик миннатдор бўлганини билдим. Ва лойиҳа одамларга ёққанидан ўзим ҳам хурсанд бўлдим.

— Сизни радиобошловчи сифатида билардик. Аммо ТВдаги фаолиятингиз сизни халққа телебошловчи бошловчи сифатида бошқатдан танитди. Бу соҳада шу даражада таниламан, деб ўйлаганмисиз?

— Ўзим асли Сирдарёданман, болалигимда “Тошкент шаҳрига бораман ва санъат ва маданият институтида ўқиб, келажакда машҳур актёр ёки режиссёр бўламан”, деб ният қилардим. Лекин радиода ёки телевидениеда бошловчилик қилиш хаёлимга келмаган. Тақдир экан, 2001 йили радиода иш бошлаганимдан кейин шу соҳани яхши кўриб қолдим ва актёрлик, режиссёрлик ҳам қолиб кетди. Радиога ишга таклиф қилишганида, “Имкон шоу” кўрсатувининг радио вариантини тайёрлаганман. Эшиттириш тингловчилар орасида жуда машҳур бўлиб, кўп мухлислар орттирган. Ҳатто фан клуби ташкил қилинганди, клубнинг қўшни республикаларда ҳам аъзолари бор эди. Клуб аъзолари жуда аҳил эди, йилда бир марта бир-бирини кўриб учрашгани йиғилардик, йиллик ҳисобот қилардик, турли номинациялар бўйича совғалар улашардик.

Бу жараённи “Ёшлар” телеканали раҳбарлари ҳам кузатишган ва ТВга таклиф қилиб шу лойиҳанининг телевариантини қилишни айтишди. Очиғини айтганда, ТВга бошида боргим келмаган, чунки радионинг ўзига хос муҳити бор, уни ТВга кўчириб бўлмайди, менимча, ТВда бу лойиҳа яхши чиқмаса керак, деб ўйлаганман ва жуда иккиланганман. Телевидениега боргач, ижодий гуруҳга дастуримни тушунтирдим. У пайтлар эски тартиб билан ишланарди, қолаверса, телевидениедагилар радиодаги фаолиятимни умуман кузатишмаган, тез ва баланд нотада гапиришимни ҳам билишмаган экан. Режиссёр менга саҳнага қандай чиқишимни тушунтирганда, “Йўқ, менинг ўз имижим бор, мен бунақа чиқа олмайман”, деб эътирозимни айтдим. “Нима қиламиз унда?” дейишганда, “Камерани ёқинглар, нима қилишни ўзим кўрсатаман”, дедим. Студияга мусиқаларимни ҳам тайёр қилиб боргандим, шўх мусиқа ва бақир-чақирлар билан илк кўрсатувни бошлаганимда, бунақа бўлишини ҳеч ким кутмаган экан, ҳамма шошиб қолди. Гапириб бўлганимдан кейин қарасам, студияда жимлик, ҳамма ҳайрон қотиб қолганди. Шунда бош оператор ўзига келиб, “Укажон, жуда чиройли чиқди, фақат биз съёмка қилишга улгурмадик, бошқатдан гапириб бера оласанми?” деди. “Ҳа”, дедим, шу билан ҳамма янгича муҳит, янгича об-ҳаводан завқланиб, кўрсатувни суратга олишга киришиб кетди. Кўрсатувни съёмка қилишга қилдик, лекин уни Бадиий кенгашга олиб киришга ҳеч кимнинг юраги бетламади, чунки қизиқишда ТВнинг “қолип”идан анча чиқиб қўйганмиз. Энди раҳбарлар, бош муҳаррир нима дейди, деб иккиланганмиз. Охири муҳарримиз ўзида куч топди ва шунда ҳам кенгашдагиларга “Бу кўрсатув, ўзимиз учун съёмка қилинган, эфир учун эмас. Хатоларини айтсангиз, кейин бошқатдан съёмка қилиб, эфирга берамиз”, деган. Лекин кенгашдагилар кўрсатувни кўриб, “Бизга худди шунақа замонавий шоу керак эди, бу дастурни тез эфирга беринглар!” дейишган. Кўрсатувнинг учта сони эфирга берилгач, бутун Ўзбекистон танишни бошлади, тўғриси, бунақа бўлишини ўзим ҳам кутмагандим. Кейин ТВда ишлар кўпайиб кетди, янги телеканаллар очилди ва бирданига учта каналда бошловчилик қила бошладим. “Радио билан вақтинчалик хайрлашаман, кейинроқ яна радиога қайтаман”, деб ўйлагандим, лекин телевидениенинг тупроғи оғир экан, шу ерда узоқ йиллар қолиб кетдим.

Очиғи, мухлислар кўрсатувни бу қадар илиқ қабул қилишини кутмаганман. Бошида олти ойга мўлжалланган “Имкон шоу” дастурини 2013 йилдан 2017 йилгача олиб бордим. Мана шу тўрт йил давомида бутун республикамизни айланиб чиқдик. Катта-катта стадионларда икки ярим минг, уч мингта одам билан кўрсатувни съёмка қилдик, бунақаси ҳали телевидение тарихида бўлмаган. Чунки шунча одамни икки-уч соат давомида томошабин бўлиб ўтиришининг ўзи ўз вақтида шов-шувларга сабаб бўлди. Ҳамма нарсанинг ўз умри бўлганидек, “Имкон шоу” ҳам ўз умрини яшаб бўлди. Чунки унда чиқмаган одамнинг ўзи қолмади. Барча соҳа вакиллари, ҳеч ким ҳазил кутмайдиган жиддий ташкилот вакиллари ҳам ички тадбирларига таклиф қилиб, кўрсатувни бирга съёмка қилдик. Ҳатто учувчиларни тайёрлайдиган ҳарбий қисмларда ҳам бўлдик.

Шоу мени халққа танитганидан хурсандман. Ҳаёт эса давом этади, демак, интилиш, янгилик қилиш керак. Шу мақсадда “ZO‘RTV” каналида фаолиятимни янги лойиҳалар билан давом эттиряпман.

— Тез гапиришингиз ва нотиқлик сизда туғма қобилиятми ёки оилангиздаги санъат ва адабиётга алоқадор вакилларнинг берган тарбияси натижасими?

— Бу саволни берганларга ҳазиллашиб, “бу туғма қобилият” деб қўяман-у, аслида нотиқлик қонимда бор. Отам немис тили ўқитувчиси бўлганлар. Талабалик пайтларида футбол шарҳловчиси бўлишга ҳавас қилиб, ўша пайтдаги машҳур шарҳловчи Ахбор Имомхўжаевга шогирд тушганлар. Лекин шарҳловчи бўлиш насиб қилмаган экан, ўқитувчи бўлиб фаолият юритдилар. Отам жуда тез гапирардилар, маҳалламдагилар, ота-онамни танийдиганлар тез гапиришимга ажабланишмайди. “Сени гапиришинг ҳеч гап эмас, отанг сендан тез гапиради”, дейишади.

Оиламизда санъаткорлар йўқ, биринчиси ўзимман. Укаларим менга қизиқиб санъат йўлини танлашди, укам — Аброржон Сирдарё вилоятида ўзига яраша ҳурмати бор ҳофиз, кейинги укам —Акбаржон видеооператор, клиплар тасвирга олади. Синглим Дилфузахон мусиқадан дарс беради.

– Бошловчиликда ўзига хос услуб танлагансиз. Мана шу услуб ёрдамида тайёрлаган илк эфирингизни қандай қабул қилишган?

— Тўғри, мен ҳам анъанага амал қилиб, кўрсатувни хотиржам олиб боришим мумкин, лекин бу тарзда кўрсатув олиб борадиган бошловчилар жуда кўп. Шунинг учун имиж танлаётганда, ўзимга ўзим “Мен ҳеч қачон Муслимбек Йўлдошев ёки Абдумўмин Ўтбосаров бўла олмайман. Демак, ўз йўлимни топишим керак”, деб ўйлаганман ва қандай бўлишимни кўз олдимга келтирганман. Радиодаги “Имкон шоу” дастури учун биринчи эфиримни шу тарзда бошлаганман. Жонли эфир бўлгани учун ўшанда синов тарзида ўн дақиқа вақт беришганди. Радиода ҳам эфирни сокин мусиқа ва овоз билан олиб боришга ўрганишган эмасми, эшиттиришни бақир-чақир билан  бошланганимни эшитиб, бошқа каналлардан ҳам югуриб чиқишган ва ҳайрон бўлиб эфир хонаси билан овоз созловчилар ўтирадиган хона ўртасидаги ойна олдида туриб олишган. Хуллас, ўн дақиқа давомида эфирни олиб борганимдан кейин, бир пайт муҳандис чиқиб келиб, “Бўлди, тўхтат, гапларинг эфирга кетмаяпти” деди. “Ие, нега?” десам, “Микрофонни баланд қилиб қўйишган экан, сен бақирган пайтингда аппаратура куйиб қопти”, — деди.

Йўлакка чиққанимдан кейин ҳамма “Сен стадиондамисан? Футбол шарҳлаяпсанми? Нега бақирасан?” деб, роса танбеҳ беришди. Бошловчилик услубимни қабул қилишлари қийин бўлди, буни тўғри тушундим, чунки янгилик ҳар доим қаршиликка учраган. Кейинги сафар эфирни яна шу тарзда олиб бордим, охири кўникишди, танбеҳ бермай қўйишди. Ўша пайтда эшиттиришга қоплаб хатлар кела бошлади, шундан кейин устозлар ҳам тан бериб, омад тилашди.

Радиодаги “Имкон шоу”нинг саволлари жиддий, вазият ҳаяжонларга тўла бўларди. Мен фан клубда шунақа зукколар йиғилганига ҳайрон қолардим ва 100та савол тайёрласам ҳам, саволларим тугаб қолади, деб қўрқиб ўтирарди. Чунки улар жавобни жуда тез топишарди. Охири савол топиш учун матбуотда эълон қилинмаган диссертацияларга мурожаат қилишга мажбур бўлганман. Кейинчалик маълум бўлишича,  иқтидорли талабалар эшиттириш бўладиган куни бир жойга йиғилиб, саволларга жамоа тарзида жавоб топишар экан. Бир киши телефонда ўтирса, қолганлар китоб ёки интернетдан жавоб топиб, бир-бирига ёрдам беришаркан…

Ўйин шу даражада жиддий бўлгани учун шоунинг ТВ варианти эфирга узатилганида, фан клуб аъзолари уни оддий ва бачканароқ бўлиб қолибди, деб қабул қилишолмаган”.

– Болалигингизда сизга сабоқ бўлган энг эсда қоларли воқеалардан қай бирини кўпроқ эслайсиз?

– Сирдарё вилояти, Сирдарё туманидаги 22-мактабда ўқиганман. Ота-онам ўқитувчи бўлгани учун талаб жуда қаттиқ бўлган. Албатта, ҳар куни дарсларимиз текшириларди, уйимиз тўла китоб, журнал, газеталар бўларди. У пайтда бола эдик, тушунмаганмиз, лекин ёшимиз улғайиб тушуняпмиз, ота-онамиз ўқишимизга жуда катта шароит яратиб беришган экан. Бирон иш буюрмоқчи бўлишса-ю, агар биз китоб ўқиб ўтирган бўлсак, индамасдан ўша ишни ўзлари бажариб қўйишарди. Кейин “Нега бизга айтмай ўзингиз қилдингиз?” десак, “Китоб ўқиётган экансан, шуни тугатиб қўйгин, дедим”, дейишарди. Уйимизда мутолаага ҳурмат жуда катта бўлган. Ҳатто бирон айб ишимиз учун койимоқчи бўлганларида қўлимизда китоб бўлса, кечирилардик. Шу сабаб, ҳаммамиз китоб билан ошно бўлганмиз, бу одатимиз ҳалигача бор. Ҳозир мутолаа кўпроқ интернет орқали бўлади, лекин ҳар куни камида ўттиз бет бирон нима ўқимасам, уйқу келмайди.

Бугун ўзим ҳам фарзандларимга талабчанман, яхши ўқишлари учун шароит яратиб берганман. Катта қизим журналист бўлишини айтади, қизиқиши бор. Шу боис, уни баъзида съёмкаларга бирга олиб бораман.

 

“Болалигимда мактаб тадбирларида жуда фаол бўлганман. Санъат байрамларига қатнашиб фахрий ёрлиқлар олардик, биз ҳақимизда туман газеталарида ёзишарди, лекин бу машҳурлик эканини тушунмаганмиз, оддий нарсадек қарардик. У пайтда адолатсизлик кўп бўлган, санъат байрамларида туманда, вилоятда ғолиб бўлардик, “Сизлар республикага чиқдинглар, телефон қиламиз, албатта, борасизлар” дейишарди. Лекин негадир ўрнимизга бошқалар кетарди. Бунақа ҳолат кўп бўлган, шунинг учунми, бу нарсага кўникиб ҳам кетгандик…”

— Режиссура бўлимида ўқиган экансиз, режиссёр сифатида ҳам ўз маҳоратингизни синаб кўрдингизми?

— Болалигимдаги режаларимни амалга ошириш учун 2010 йилда бир имконият бўлиб қолди. Танишларимдан бири “Режиссёр экансиз, кино олмайсизми?” деган таклиф билан чиқди. Ўшанда “Шу орзуим армон бўлиб қолмасин”, деб мистик жанрдаги “Кўринмаслар” фильмини суратга олдим. Шунда армоним қолмадим, кино ҳам олдим, деганман. Фильм  “Ўзбеккино” Бадиий кенгашида ўзбек киносида янги жанр бўлди, деб жуда юқори баҳоланди. Лекин ўзим жуда юқори сифатли фильм бўлган, демайман. Эндиликда, халққа танилганимдан кейин, турли комедияларга таклиф қилишяпти. Фильмларда бош ролни ўйнамасам ҳам, эпизодик қаҳрамонларни ўйнадим.

Режиссурага қизиқишим ҳалиям бор. Режиссёрларнинг ишини кузатиб бораман. Радиода эшиттириш қилган пайтимизда унинг биринчи қисмини ривоятлар билан бошлардик. Соҳибқирон Амир Темур ҳақида икки юз қисмли радиосериал қилганмиз. Шу жараёнда Амир Темур ҳаётини ўз-ўзидан ўрганишга мажбур бўлганман. Ҳар хил китобларни, чет элликларнинг китобларини ҳам ўрганиб, кўпчилик ўқимаган маълумотларни жамлаганман. Натижада ўзим қўрқмай айта оладиган бир янгилик қилганман — радиосериалда соҳибқироннинг мистик ҳаётини ёритганман. Эшиттиришларни мухлислар яхши қабул қилишган, ҳалигача бу радиосериални флешкаларга ёзиб олиб кетишади. Яқинда Францияда яшайдиган радиомухлислар айнан ўша сериални  қидиришибди. “Бу сизларга нимага керак?” деб сўрасам, “Бизнинг болаларимиз хорижда катта бўлишяпти, лекин улар ота-боболари ким бўлганини билишлари керак. Радиосериалингизда Амир Темур ҳаётини содда тилда, болалар қизиқадиган эффектлар, мусиқалар билан ҳикоя қилгансиз, бу маълумотларни болаларимиз ҳам билишсин”, дейишди. Бу гапни эшитиб, меҳнатимни кимдир қадрлаганидан жуда хурсанд бўлдим.

– Айнан бошловчилик борасида ўз устингизда ишлаш учун кимнинг ижодини кузатиб, сабоқ олгансиз?

– Бошловчилик бўйича у пайтларда Россия каналларидан бирида бериладиган “Угадай мелодию” кўрсатуви бўларди, шу кўрсатувни олиб борувчи Валдис Пельшга жуда ҳавас қилардим. Ёшлигимда худди шу бошловчига ўхшаб гапирардим. Кейинчалик ўзимни йўлимни топишга ҳаракат қилдим. 1996 йилди мени биринчи бўлиб телерадио соҳасига олиб кирган биринчи устозим Музаффарбек Мирзабеков бўладилар. Устозим ўша пайтлари телевидениеда “Бари ҳазил”, “Пойинтар-сойинтар” номли кўрсатувлар қилардилар, шу кўрсатувларда актёр сифатида иштирок этганман.

– “Duel” лойиҳасини келгусида “Имкон шоу”дек республика миқёсида тайёрлаш ниятингиз борми?

– Худо хоҳласа, бунақа ниятларимиз бор. Ҳозирдан таклифлар ҳам тушяпти. Хурсандчилик билан айтаман, Туркиядаги Ўзбек маданияти марказидан кўрсатувни туркияда ўзбек санъаткорлари ва турк санъаткорлари ўртасида қилсак, деган таклиф билдирди. Айни пайтда шу таклиф устида ишлаяпмиз. Чемпион бўлиш осон, уни ушлаб туриш қийин дейишади-ю, шу каби биз ҳам чемпионликни ушлаб туришга ҳаракат қиламиз. Олдиндан башорат қилмайман, лекин бу кўрсатувни ҳали узоқ йиллар халқимизга тақдим этамиз. Албатта яна янги дастурлар ҳам қиламиз, деган ниятдамиз.

Муҳаббат ШАРИФОВА суҳбатлашди.