Чоршанба, 20 Июнь 2018

Аҳрор Раҳмон: “Мақомда янгилик қилиш ҳавас билан амалга ошадиган иш эмас”

“Ўтган давр мобайнида ўзбек “Шашмақом”и нота матнларининг нашр этилиши ва уларга мувофиқ равишда мақом куй-қўшиқларининг магнит ленталарга ёзиб олиниши улкан илмий-маданий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилингани биз — санъаткорларни ниҳоятда тўлқинлантириб юборди”, —   дейди суҳбатимиз аввалида хонанда Ахрор Раҳмонов.

 Хонанда билан бўлган мулоқотимиз самимий мулоҳазалар билан бирга, танқидий ёндашувларга ҳам бой бўлди. 

Қўшиқларингиздан мумтоз санъатимизга муҳаббатингиз қанчалар кучли эканлигини сезиш қийин эмас. Бунда, албатта, оилангиздаги муҳитнинг ҳам таъсири бордир?

— Дарҳақиқат, ота-онамиз санъатсевар инсонлар бўлишган. Уйимизда ҳамиша Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султоновларнинг қўшиқлари янграб турарди. Дадам ёшликда санъаткор бўлиш истагини билдирганида, акаси бу йўлдан қайтарган экан. Юракларида шу орзу қолиб кетгани учунми, акамга ҳам, менга ҳам 7-8 ёшимиздаёқ миллий чолғуларимизни олиб берганлар. “Алифбе”ни ўрганиб бўлганимдан сўнг дадам мени акамнинг устози Рихсивой ака Зокировнинг олдига олиб бордилар. Шу қадар кичкина бўлганимдан рубоб торларига қўлларим  етмасди ўшанда. Устозимиз ҳозирги кунда 80 ёшга яқинлашиб қолдилар. Акам иккаламиз у кишининг олдига тез-тез бориб, дуоларини олиб турамиз. Мактабда ўқиган чоғимизда эса устозимиз Сафо Очилов ҳам овоз имконияти ва куйлаш чоғида нафасни тўғри бошқариш борасида сабоқ берган.

— Баъзи санъаткорлар “Мақомларимизнинг негизини қолдирган ҳолда замонавий мусиқа ёрдамида қайта куйлаш лозим, шундагина ёшларимизда ҳам қизиқиш пайдо бўлади”, дейишади. Бунга қандай қарайсиз?

— Мақомларимизни тинглаган чоғимда, чексиз бир руҳий қувватни ҳис қиламан. Ўзбекистонда мақомот тизими “Шашмақом”, “Хоразм мақомлари”, “Фарғона-Тошкент мақомлари”, мақом чолғу ва мақом ашула йўллари, бастакорлар томонидан яратилган мақом асарларини камраб олиб, ҳар бири ўзига хос мавқеи ва ижрочилик услублари билан ажралиб туради. Уларни ижро этишга шайланган ижодкорнинг билими ниҳоятда мустаҳкам ва руҳияти кучли бўлиши керак. Бу борада янгилик қилиш эса шунчаки ҳавас билан амалга ошадиган иш эмас. Ахир мазкур ўлмас меросимизни яратиш учун не-не устоз санъаткорларимиз ўз умрини, бор муҳаббатини ва иштиёқини бахшида қилган.

“Тошкентдаги кўзи ожизлар махсус интернатини битиргач, акам иккаламиз маданият оқартув билим юртига борганмиз. Билим юртида Ҳайдар Ғаффоровдан, шунингдек, ғижжак бўйича Тоҳир Ёқубжоновдан ҳам таҳсил олганман. Ўқишни тамомлагач, Чилонзордаги кўзи ожизлар маданият саройига ишга келдим. Маданият саройи олдидаги кўзи ожизлар корхонасида “Дил куйласин” деб номланган ансамбль тузилган экан. Унинг раҳбари Толиб Тўраев билан ҳам самарали ижодий ҳамкорлик олиб бордик”.

— Биринчи ёзган қўшиғингиз ҳақида айтиб ўтсангиз…

— Устоз Орифхон Ҳотамовга “Ижодкор қачон ўзи қўшиқ ёзишни бошлаши керак?” деб савол беришганида, “Қачонки, устоз санъаткорларнинг 500та асарини ўрганиб, ўзини руҳан тайёрлаганидагина ижодкорнинг асл қирралари очила бошлайди”, деб жавоб берган эканлар. Мен ҳам энди-энди қўшиқ басталай бошладим. Энг севимли машғулотим — мақомларимизни тинглаш. Ҳар сафар ушбу бебаҳо меросимизни тинглаганимда, янги бир дунёни кашф этаман.

— Янги мусиқий альбомингизни тинглаб, Машраб ғазалларининг шайдоси эканлигингизга амин бўлдик. Бу альбомни тайёрлаш жараёни қандай бўлди?

— Биласизми, кўп ижодкорлар ёши улғайгач, мақомларимиз ва мумтоз қўшиқларимизга қизиқиши кучайиб боради. Мен эса болалигимдан мумтоз адабиётимиз ва  қўшиқчилигимизга катта эътибор берардим. Айниқса, Алишер Навоий, Бобур Мирзо ва Машраб ғазалларини ҳар куни бир марта онамга ўқиттириб, мароқ билан эшитардим. Ҳозирги кунда бу ғазалларни менга турмуш ўртоғим Гўзалхон ўқиб бермоқда.

Янги альбомга келсак, Президентимизнинг юртимиз ижодкорлари билан бўлиб ўтган учрашувда миллий санъатимиз, адабиётимиз ҳақида куюнчаклик билан айтган сўзлари мени илҳомлантириб юборди. Қанийди, шоир ёки ёзувчи бўлсам-да, катта асарлар ёзиб уларнинг сўзларига жавоб қайтарсам, дедим. Ва ниҳоят йўлини топдим: Анвар қори Турсунов билан маслаҳатлашиб насиҳатомуз альбом тайёрламоқчи бўлдик. Машраб ғазалларига басталаган қўшиқларим орасига қорининг маърузаларни қўйиб, “То падар рози эмас” деб номланган альбом тайёрладик. Бу альбом тақдим этиладиган кунларда Республика Кўзи ожизлар жамияти ташкил этилганига 85 йил, “Бир сафда” журнали ташкил этилганига эса 60 йил тўлган эди. Мазкур альбомда ҳазрати Ҳувайдо ғазалларига басталанган қўшиқлар ҳам бор. Ота-онани ҳурмат қилиш, қариндош-уруғларга бўлган меҳру оқибатни тараннум этган бу қўшиқлар мухлисларни эътиборсиз қолдирмайди, деган умиддаман. Айни пайтда шоир Соҳиб Камол билан ижодий ҳамкорликда янги қўшиқлар устида ишлаяпмиз.

— Ҳар бир даврнинг ўз қўшиқлари бўлади. Шундай эмасми?

— Тўғри, бироқ асл қўшиқлар ҳар қандай замон талабига жавоб беради. Мен шу кунларда эски қўшиқларни мухлисларга қайтадан тақдим этмоқчиман. Масалан, Ромазон Холовнинг “Муҳайё, Сурайё, Раъно, Муқаддас, кўзимни куйдириб кийибсиз атлас” сўзлари билан бошланувчи қўшиғини куйладим. Ҳозир ҳам бундай қўшиқларнинг охори тўкилмаган.

— Қандай лаҳзаларда китобнинг мўъжиза эканлигига тан берасиз?

— Биринчи гуруҳ ногирони бўлганим учун болалигимдан китобларни менга онам ўқиб берардилар. Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчиман, “Тасвир” газетасини ҳам кўп бора ўқиб берганлар. Бу газета мухбирига мулозамат эмас, балки айни ҳақиқат (самимий кулиб). Мана бугунги кунда турмуш ўртоғим Гўзалхон онамнинг ўрнини эгаллаган. Айнан китобсеварлиги учун унга уйланганман. Яқинда Гўзалхон Чустийнинг ғазалларини ўқиб бераётганида, бир шеърни ўқишлари билан юрагим жизиллаб, ўз-ўзидан шууримга мусиқа тўлқинлари оқиб кира бошлади:

Қадрингга етгай қадрдон қўшнилар,

Бўлғуси дардингга дармон қўшнилар.

Мушкулингни қилғай осон қўшнилар,

Икки ёнингда қанот, ён қўшнилар,

Бунга кирмас баъзи нодон қўшнилар.   

Ахир бундай мисралар хазина-ку?!.. Шуни ўйлаб, қўшиқни ёзиш учун дарҳол кўзи ожизлар жамияти қошида ташкил этилган жонажон студиямизга йўл олдим.

— Айтишларича, бу студиянинг қурилишига сиз сабабчи бўлган экансиз?..

2015 йилда Олий мажлис қошидаги  ННТларни  қўллаб-қувватлаш   жамғармаси қошида грант эълон қилинганида лойиҳада қатнашдим. Кўзи ожизлар жамиятига студия кераклигини илтимос қилгандим, жамғарма бизга 15 миллион ажратиб берди. Шу асосда  жуда чиройли студия ташкил қилинган. Яхши шеър топган ижодкор борки, студиямизга югуриб келаверади.

Чустий домланинг “Қўшнилар” деб номланган шеърини кўтариб, мен ҳам ҳаяжон билан у ерга бордим. Ижодкорлар биргаликда мулоҳаза юритдик. Чустийнинг мисраларини ўқисангиз, худди биз билан яшаётгандек туюлади. Шу боис мароқ билан янги қўшиқ ёздик.

Жамиятимизда Оролмирзо Сафаров ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас ака Расуловлар каби инсонлар борки, улар билан фахрланаман. Яна бир имкониятимиз ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Студиямизда гапирувчи китоб ташкил қилганмиз. Асарларни таниқли сухандонларга ўқитиб, альбомлар тайёрлаймиз. Ўзим Ўткир Ҳошимов ва Тоҳир Малик асарларини тинглашни ёқтираман.

“Ижодкор инсон умрининг сўнгги дақиқасигача изланади. Билим бу уммондир. Ҳозиргача устозларимизнинг 100 йиллик грампластикалари бор патефонларни эшитаман. Орифхон Ҳотамов, Фаттоҳхон Мамадалиев, Расулқори Мамадалиевларни қайта-қайта тинглаб чарчамайман. Бу улуғ устозлар этагини тутган Эркин Рўзиматов ва Ўктам Аҳмедовларни жуда ҳурмат қиламан”.

Фарзандларингиз ҳам сизга китоб ўқиб беришадими?

— Учта фарзандим бор. Қизим Мафтуна Тошкент ислом университетида таҳсил оляпти. Мадина эса ўтган йили турмушга чиқди. Ўғлим Аброр санъат йўлидан кетди. Ёнимда юриб доира чалади.  Уларнинг барчаси китоб ўқишни яхши кўришади. Ўзим илтимос қилган китоблардан ташқари ўзлари ҳам янги китоблар олиб келиб ўқиб беришади.

Китоб мутолааси инсонларни мулоҳаза юритишга, ҳаётни севишга ўргатади. Шунинг учун ҳам фарзандларимизга кўпроқ китоб совға қилишимиз, китобхонликда ўзимиз уларга ўрнак бўлишимиз керак.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан ижодкор аҳлига кўрсатилаётган эътиборни ўзингизда қай даражада ҳис этяпсиз?

Мен бу эътибордан қувончимни таърифлаб бера олмайман. Айниқса, жисмонан имконияти чекланган инсонларга арзон ва имтиёзли уйлар ажратилганида, кўзларимга ёш келди. Ижодимизга бўлган эътибор ҳам кучайди. Телеканаллар, радиоканалларга илгари бунчалик кўп таклиф қилишмас эди. Бу эътибор ва рағбатларга яраша янада самарали ижод қилиш учун тинимсиз изланишимиз керак.

Очиғини айтсам, 2017 йил кўплаб юртдошларимиз учун жуда омадли келди. Ким билан гаплашсам, “Неча йиллардан бери орзу қилган ишларим шу йилда амалга ошди”, дейди. Ахир Президентимиз бежиз ушбу йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилмаганлар. Бир йилнинг ўзида шунча ўзгаришлар ва оламшумул янгиликлар рўй берди. Илоҳим, Ўзбекистонимизга асло кўз тегмасин! Истеъдодли ва билимли фарзандлари туфайли ўзбек халқининг боши ҳамиша баланд бўлсин!

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.