Душанба, 18 Ноябрь 2019

Ғарб мультфильмлари бизга нимани ўргатмоқда?!

Тақлид, ҳозирги кунда унинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақида кўп гапирилмоқда. Айтиш жоизки, айни кунда  тақлиднинг иллат томони кўпроқ намоён бўлиб қолмоқда. Бу фикр ҳатто мультфильмларда ҳам ғарбпарастлик кузатилаётгани билан изоҳланади. Олиб борилган кузатувлар натижасида шу нарса маълум бўлди, авваламбор, ғарб мултфилъмлари жозибадор этиб ишланган. Уларда инсонларнинг диди, дунёқараши, нозик жиҳатлари эътиборга олинган. Уларда танланадиган ранглар ҳам, ҳаракатлар ҳам шунга мос. Шу сабабдан ғарб анимациялари томошабинни ўзига тортмоқда.

 “Экстремизм учун эшик”

Ғарб мультфильмлари сюжетида кўпинча чиройли саҳналарда ваҳшийлик, қотиллик ёқланади, тарғиб қилинади гўё. Шунга кўра, уларда вайронкор ғоялар ўринли-ўринсиз тиқиштирилаверади. Бола — қизиқувчан, зийрак. У ҳар нарсани борича, таҳлилсиз, тақлид билан қабул қилади. Энг муҳими, болаларда интернет ўйинлари ҳамда мультфильмларда тарғиб этилган ёвузликни ҳаётга татбиқ қилиш иштиёқининг пайдо бўлишидир. Бундай руҳдаги мультфильмларни мунтазам, мақсадсиз томоша қилиш, охир-оқибат, турли кўринишдаги экстремизмни вужудга келтирувчи омил сифатида баҳоланиши мумкин. Айни шу нарса экстремизм учун эшик очади. Бинобарин, у ўз ўлжаларига қилган ёвузлиги учун жавобгар бўлмасликни ваъда қилади. Яъни уларни руҳлантиради.

“Қаҳрамон кимнидир ўлдириши керакми?”

Аксар ғарб мультфильмларида ёмонлик яхшилик тарзида тарғиб этилади. Бошқага зарар, озор етказиш, ўлдириш ижобий қаҳрамон томонидан содир этилиши яхшилик кўринишида талқин этилади. Бу эса ўзини мутлақ қаҳрамон — ижобий образ деб билувчи болаларга қувват, “илҳом” беради. Уларда “мен ҳам кимнидир ўлдирсам, қаҳрамон бўламан, қаҳрамон ўлдириши керак” деган тушунча, ғоя инсоннинг онгига секин-секин сингиб боради.

“Ғариоддий либос кийган одам”

Хориж мультфильмларида нотаниш — биз кўникмаган маданият акс этади. Ўрганган жамоамизда бошқача — биз аввал учратмаган либосларни кийган одамни кўрсак, унга маҳлиё бўламиз. Ёки бошқача сўзловчи, бошқача ҳаракат қилувчи одам — улар бизнинг эътиборимизни тортади. Мана шу жиҳат болаларнинг диққат-марказида туради, назаримизда. Яъни ғариоддий маданиятга қизиқиш, беихтиёр унга интилишни келтириб чиқаради.

 Ақлни ишлатишига эҳтиёж уйғотмайди

Ғарб мультфильмлари осон “ҳазм” бўлади. Уларни кўриш жараёнида тафаккурга эҳтиёж йўқ. Сюжети содда, саёз — асосий эътибор ранг, ҳаракат, либосларга қаратилади. Оддий воқеалар кетма-кетлиги томошабинни чарчатмайди, ақлни ишлатишига эҳтиёж уйғотмайди. Бола экран қаршисида шунчаки ўтиради, маза қилади, кулади, ўйнайди.

Кўриниб турганидек, ғарб фильмларининг фойдасидан зарари кўпроқ.

Уларни кўрмаслик учун нима қилиш лозим?

Ёшларда, умуман, барча ёшдаги инсонларда тўғри савол бериш маданиятини шакллантириш зарур. Одамлар савол берсин. Мультфильмлар ҳақида, фильмлар тўғрисида. Амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмунидан, мақсадидан. Кўрсатувлар ғояси борасида. Масалан, нима учун биз ўрганган дунёда асли мавжуд бўлмаган маҳлуқ — мультфильм қаҳрамони? Шрек нима ёки ким? Уни кўрсатишдан мақсад нима? Маънавият ундан қандай фойда кўради? Тарбияси? Болани хаёлиёт оламига йўлламаяптими? Ҳаётда йўқ нарсаларни шакллантиришга ўргатмаяптими?

Яна бир қаҳрамон — смурф. Нима учун улар жамоасида фақат эркаклар? Катталарни ҳам ром этган қизиқиш замирида қандай ғоя яширинган? Улар орасидаги биргина қиз бола ҳам сеҳр билан смурфга айланганида қандай маъно бор? Хуллас, шу каби саволларни ҳар бир ота, ҳар бир она ўзига берсин. Жавобини тафаккур билан, фаросат билан изласин. Бу эса масалага илмий, ақлий ёндашувдир. Зеро, кимда ақл тарозиси бўлса, унда илм тарозиси ҳам бор. Илм таҳлили, ақл талқинидан ўтган маълумот ҳаётийликка айланади. Баъзан мана шу таҳлил унутиб қўйилаётгандек, назаримизда.

Истеъмолчи сергак ва огоҳ бўлмоғи лозим!

Айримлар мазкур ҳолатда телевидениени айблайди. Улар учун энг осони “телевидиние кўрсатяпти — биз кўряпмиз” қабилидаги ёндашувдир. Бу тўғри эмас. Телевидиние — ўзига хос тижорат соҳаси. У харидоргир “маҳсулот”ни таклиф қилади, бинобарин, ундан фойда кўради. Айрим фуқаролар истеъмолчилик масъулиятини унутиб қўяди. Истеъмолчи нимани таклиф қилса, ўшани олавериши керак эмас. Нима учун озиқ-овқатни, либосни ва ҳатто турмуш ўртоғини танлаймиз-у, аммо филъмни, мултфилъмни, кўрсатувни танламаймиз, сараламаймиз. Истеъмолчи огоҳ, дахлдор бўлиши, атрофдап содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдириши, керак бўлса, ўз фикр-мулоҳазалари билан телевидиниега мурожаат қилиши зарур.

Президентимиз тилидан мудом такрорланаётгандек уйғониш керак. Уйғониш фақат кўзни очиш билан содир бўлмайди. У ҳар битта жараёнга муносабатдир.

Фарзандлари келажагини ўйлаган инсон ўз тақдири ҳақда қайғурган бўлади. Бугунги тарбия эртанги бахтимиз эшиги, бахтимиз бешигидир. Кексайганда хотиржамлигимиз гаровидир.

 Ғарбона ҳаёт тарзи қадриятларимизга мос эмас!

Ғарб мультфильмларидан бирида ўзга сайёралик ерликка савол бермоқда: “Сиз ерликлар нима учун ит ва мушук боқасиз?”. Ерлик қаҳрамоннинг жавоби бундан ҳам қизиқ: “Кексайганда ёлғиз қолмаслик учун!” Бу бизни нима учун ташвишга солмаяпти? Наҳот кексайганимизда содиқ дўстимиз ит ё мушук бўлишини истасак?! Кексайганда ёлғиз қолмаслик учун фарзандимизни чиройли тарбия қилмаймизми?! Ит етаклаб эмас, набирамизни ўйнатиб юришни истамаймизми?!

Кўриниб турганидек, бу масала ҳам ўзига хос муаммо сифатида кун тартибига чиқди. Демак, ғарбона ҳаёт тарзини ўзимизга ибрат намунаси сифатида қабул қилишдан тўхташимиз керак. Либосда ҳам, фильмларда ҳам, мультфильмда ҳам. Одатлар, қадриятларда ҳам.
Хуллас, мультфильмлар беозор, аниқ манбага таянган, қадриятларга мос бўлиши, урф-одатларимизни тарғиб қилиши зарур. Катталар кўрган фильмлар кичикларга таклиф этилсин. “Уч оғайни ботирлар”, “Зумрад ва Қиммат”, “Алпомиш”… Бу мультфильмларнинг барчасида аниқ тарихий манба бор. Бу эса уларнинг давр чиғириғидан ўтганини англатади. Халқ тафаккурида сайқал топиб, бир тизимга тушганини англатади ва у тарбиявий аҳамиятга эга эканини билдиради.

Телевизордан китоб афзал!

Эътибор қилсангиз, телевизор ҳар бир уйда бор ва барча нигоҳ унга қаратилади. У уйнинг энг азиз аъзосига айланган гўё. Бу “аъзо” бизга нималарни раво кўрмоқда? Ўйлаб кўрайлик. Вайронкор ғояларни сингдираётган бўлса, уни ўчириб, китоб ўқиш мумкин. Зеро, китоб — илм манбаи, маърифат булоғидир.

Миллийликни сақлаш — замон талаби, аждодлар ўгити. Шу юрт вакили эканлик мажбурияти. Шу фазилатга амал қилинсагина, бизни маънавиятнинг тарқатувчиси сифатида билган дунё шу руҳда эслаб қолади ва маънавиятга эҳтиёж сезганда, бизга мурожаат қилаверади.

Иргаш ДАМИНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази  

илмий экспертиза бўлими бошлиғи,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси.

Зумрад ЗИЁ тайёрлади.