Чоршанба, 21 Август 2019

Антарктиданинг янги жумбоқлари

Қаҳрли жанубий қитъанинг қалин муз қатлами остида кўплаб сирлар яширинганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Уларни очишнинг сира иложи йўқ — миллионлаб йиллар давомида мавжуд бўлган муз қатламини ёришга қодир механизмнинг ўзи йўқ. Аммо эндиликда бундай механизмга ҳожат ҳам қолмади. Музнинг ўзи секин-аста эриб, тадқиқотчиларнинг кўз олдида ажойиб сирлар очилмоқда.

 Муз эримоқда…

Антарктида ҳамиша сайёрамизнинг ўрганилмаган “овлоқ жой”и бўлиб келган. Бу қитъанинг тадқиқотлари жуда қимматга тушади. У ерда нафақат доимий станция очиш, балки бир марталик экспедицияни юбориш имконига ҳамма мамлакат ҳам эга эмас.

Аммо йўлдош орқали суратга олиш олимларга Антарктида ҳудудида кашфиётлар қилиш имконини бермоқда. Нафақат олимлар, балки ҳар бир қизиқувчан инсон Интернет орқали йўлдошли хариталарни очиб, шов-шувли воқеа излаш мақсадида уларни ўрганиши мумкин.

Шов-шув албатта бўлади. Антарктида музи қандайдир сабабларга кўра эримоқда ва унинг юзасида тоғ чўққисига элтувчи зинага ўхшаш жумбоқли иншоот пайдо бўлмоқда.

Қоялардаги зина

Суратга диққат билан қарасангиз, бу ўзга сайёраликлар ва қадимги цивилизацияларга қизиқувчан одамнинг уйдирмаси эмас, ҳақиқатан муз тоғларга хос бўлмаган иншоот эканига амин бўласиз. Мазкур зинанинг сунъий иншоот эмаслиги ҳақида ким ҳам баҳслаша олади.

Йўлдошли хариталарни чуқур мулоҳаза билан тадқиқ қилувчилар иншоотнинг кўламини солиштириб, бу вентиляцион каналлар бўлиши мумкин, деган хулосага келишди. У ҳолда бу каналлар олиб борувчи хоналарнинг катталиги қандай?

Ва бу ҳали ҳаммаси эмас. Яқинда ўша йўлдошли хариталардаги ўша Антарктидада узоқ вақт муз ва қор қатлами остида яшириниб ётган равон йўл аниқланди. У кўпроқ асфальтланган катта йўлга ўхшайди ва кўприкни эслатувчи равоқ билан якунланади. Йўлнинг узунлиги бир километрдан ошади ва у Антарктиданинг бориб бўлмайдиган ҳудудларидан бири — Жанубий қутб яқинидаги тоғ тизмаларида жойлашган.

Швабиями ёки Атлантида?

Эҳтимол, учиш-қўниш майдони бўлган йўл ва ҳақиқатан ҳам вентиляцион шахта бўлиши мумкин бўлган зинани Иккинчи жаҳон уруши даврида Антарктида ҳудудида янги Швабия давлатини яратишга ҳаракат қилган немислар қурган, деган тахминни ҳам инкор қилиб бўлмайди. Бироқ остида бу икки иншоот яширинган музларнинг ёши бу тахминни нотўғрилигини кўрсатади. Қадимда мавжуд бўлган Атлантида каби цивилизацияларнинг эса бу иншоотларга бевосита алоқаси бўлиши мумкин.

Афсуски, хариталарда топилган барча аномалиялар бориб бўлмас ерларда жойлашган бўлиб, уларни аслида нималигини текширишнинг деярли иложиси йўқ. Шундай экан, хариталарга қараб, бу Атлантида эмасмикан, дея тахмин қилишдан ўзга чорамиз йўқ.

ШАҲЗОДА тайёрлади.

Жавоб бериш

E-pochta манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган