Чоршанба, 21 Fevral 2018

Қандай тухум фойдалироқ?

 Тухумнинг сифати ва ўзига хос мазаси ҳақида турли фикрларни эшитганмиз. Бу фикрларнинг қай бири тўғрию қай бири хато эканлиги билан қизиқсангиз, маълумотларимизга диққат қилинг.

 Ранги товуқ зотига боғлиқ

Оқ тухумлар ҳам, жигарранг тухумлар ҳам бирдек фойдали. Тухумнинг ранги товуқнинг зотига боғлиқ. Оқ ва оч рангли товуқларнинг тухуми оқ, қора, чипор ва қизғиш товуқлар тухумларининг пўсти жигарранг бўлади. Оқ ва жигарранг тухумларнинг таркиби бир хил, озиқавий хусусиятлари ҳам бир-биридан фарқ қилмайди.

Бедана тухумидан устунроқ

Кимёвий таркиби нуқтаи назаридан фарқи катта бўлмаса-да, товуқ тухуми бедана тухумидан устунроқ. Хусусан, 100 грамм маҳсулотда оқсиллар товуқ тухумида 12,7 граммни, бедана тухумида 11,9г; ёғлар товуқ тухумида – 11,5 граммни, бедана тухумида – 13,1; углеводлар  товуқ тухумида – 0,7 граммни, бедана тухумида – 0,6 граммни ташкил қилади. Бедана тухумининг энергетик қиймати бир оз юқори, 168ккал, товуқникида эса 157ккал, аммо бу унчалар катта афзаллик эмас.

Музлатгич эшигида сақлаб бўлмайди

Товуқ тухуми узоқ вақт яхши туриши учун уни тўғри сақлаш керак. Британиялик олимларнинг фикрига кўра, уларни музлатгич эшигида сақлаб бўлмайди. Доимий ҳаракат ва иссиқ ҳаво оқими туфайли уларнинг сақланиш муддати қисқаради. Бундан ташқари, ошпазларнинг фикрича, тухумларни кўп силкитиш уларнинг тез айнишига сабаб бўлади.

Тухумларни музлатгичда мева ва сабзавотларга мўлжалланган қутида сақлаш керак. Бу музлатгичнинг энг совуқ ва намли жойи ҳисобланади. Шунингдек, тухумларни ўрта токчада сақлаш ҳам мумкин, у ерда ҳарорат бир хил бўлади.

Бегона ҳидлардан холи бўлиши керак

Тухум қуруқ, тоза ва, албатта, бегона ҳидлардан холи бўлиши керак. Тухум ҳидларни губка каби ўзига тортадаи. Бу ўрамига ҳам тааллуқли: унда моғор ва доғлар бўлмаслиги лозим.

Товуқ бир йилда тахминан 250та тухум қўяди. Соғлом товуқ бир ёки икки-учта тухум қўйиши учун эса бир сутка керак бўлади.

Ичимлик  ва минерал сувнинг яроқлилик муддати бор

Дастурхонимизга келишдан олдин артезиан қудуқларидан олинган сув турли аралашмалар ва заррачалардан кўпбосқичли зарарсизлантириш ва тозалаш жараёнидан ўтади. Сўнг ичимлик суви қуйиш корхоналарига келтирилади ва у ерда идишларга қуйилиб, сотувга чиқарилади.

Ичимлик суви ўзи сақланадиган идишидан фарқли равишда яроқлилик муддатига эга эмас. Пластик идишлар орадан бир оз вақт ўтиб, ўзидан турли кимёвий моддаларни чиқара бошлайди, бу эса маҳсулотнинг таъми ва хавфсизлигига таъсир кўрсатади. Бу сув дарҳол заҳарланади дегани эмас, шунчаки секин-аста у эскира бошлайди. Шиша идишларда эса сув ўз таъмини узоқ сақлайди.

Ичимлик сувини қуёшда сақлаш мумкин эмас. Очилган сувни музлатгичда сақлаган маъқул. Очилган маҳсулотни сақлаш муддати эса идишида кўрсатилган бўлади.

Агар ичимлик суви очиқ ҳолда бир ҳафтадан ортиқ туриб қолса, уни ичишдан олдин қайнатиш лозим, чунки унга касаллик тарқатувчи микроблар тушиб қолган бўлиши мумкин.

Минерал сувдан қандай фарқ қилади?

Қадоқланган ичимлик суви – бу ерости ёки ер юзасидаги булоқлардан олинган сув. Ишлаш усулларига кўра бу сув тозаланган ва тозалаб бўлинган сувга ажратилади. Тозалангандан кейин уни ҳаётий зарур макро ва микроэлементлар билан бойитилади. Унинг таркибидаги тузлар миқдори 1 литрда бир граммдан ошмайди. Бундай сув ичиш ва таом тайёрлаш учун яроқли ҳисобланади. Бу сув қадоқланадиган идишларнинг ҳажми 0,33мл дан 19 литргача бўлади.

Аввал бошдан ўзида эрувчан тузлар, микроэлементлар ва бошқа фойдали моддаларга эга бўлган сув минерал сув ҳисобланади. У фақат ерости булоқларидан олинади. Минерал сувлар нафақат ичиш учун, балки ташқи қўлланиш учун ҳам мўлжалланган бўлади. Уларнинг кўпларидан санаторийларда ванна, ингаляция, чайиш ва ювиш мақсадларида фойдаланилади.

Минерал сувни, агар у пластик идишга қуйилган бўлса 3 ойдан 18 ойгача, шиша идишда бўлса 24 ойгача сақлаш тавсия қилинади. Ҳар бир минерал сув учун ўзининг сақланиш муддати белгиланади ва идишида кўрсатилади.

Минерал сувни, шунингдек, қуёш нурларидан асраш ва шамоллатиб туриладиган қоронғи хонада сақлаш керак. Идиш горизонтал ҳолатда бўлиши керак. Очилган сувни музлатгичда 5 кунгача сақлаш мумкин.

                                                                       ШАҲЗОДА тайёрлади.