Чоршанба, 21 Fevral 2018

Амударё қирғоғидаги қадамжо

Илмий манбаларда “Ҳаким Термизий”, “Ал Ҳаким ат-Термизий” номлари билан машҳур алломани бутун Сурхон воҳасида “Термиз ота” дея атайдилар. Унинг қабри жойлашган жойдан эса йил бўйи зиёратчиларнинг қадами узилмайди. Алломанинг аниқ таваллуд топган йили маълум эмас. Тахминий ҳаёт санаси эса 820-932 йиллар. Унинг асл исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр ибн Ҳорун Ҳаким Термизийдир.

Одатга айланган машғулот

Муҳаммад илк сабоқни ўз даврида ҳадис илмининг кўзга кўринган олимларидан саналган отаси Али ибн ал-Ҳасандан ёки ўз замонининг етук олимларидан биридан олгани ҳақида маълумотлар бор. Унинг асарларидан маълум бўлишича, онаси ва бобоси ҳам ҳадис илмининг етук билимдони бўлганлар. “Будувву шаън Абу Абдуллоҳ Термизий”, яъни “Ҳаким Термизий йўлининг бошланиши” асари “Бисмилло…”сидан сўнг шундай давом этади: “Менинг ишимнинг бошланишида, исми баракотли Аллоҳ таоло мен учун шайхимни ҳозир қилди, Аллоҳ ул зотни раҳмат қилсин. Саккиз ёшга етганимда ул зот мени илм ўрганишга машғул қилди, илм ўргатди, мени унга қизиқтирди ва буни мен учун оғирликда ҳам, енгилликда ҳам одатга айлантирди. Ҳатто бу мен учун машғулотга айланди ва ҳаммаси ёшлик вақтимдаги ўйин-кулгининг эвазига бўлди”.

Бу сўзлардан англаш мумкинки, у тўкис зиёли оиласида, янада аниқроғи, билим зиёсига йўғрилган муҳитда улғаяди.

“Қачонки ёшим йигирма етти ёки шу атрофга яқинлашганда кўнглимга Аллоҳнинг Байтул Ҳаромига бориш иштиёқи тушди. Вақти келиб, мен учун сафар қилиш имкони пайдо бўлди. Сўнг ҳадис толиби сифатида Ироқда турдим, Басрага бордим. Сўнг ундан ражаб ойида Маккага йўл олдим. Маккага шаъбон ойидан маълум вақт ўтгач, етиб келдим. Аллоҳ ҳаж вақтигача унда туришимни насиб этди. Туну кун Мултазам ёнида мен учун дуо эшигини очди. Калбимга ҳаққи-рост тавба қилиш ва каттаю кичик айбу гуноҳларни тарк этиш истаги тушди. Ҳаж ҳам қилдим. Сўнг қайтдим, дарҳақиқат, қалбимга етишган (уни топган) эдим”.

Бу иқтибос ҳам алломанинг “Ҳаким Термизий йўлининг бошланиши” асаридан эди.

“Ҳакимия” мактаби асосчиси

Бобомиз Қуръони Каримни чуқур ўрганади ва кечани кундузга, кундузни кечага улаб, Аллоҳнинг каломини ёд олади. У ислом динининг туб моҳиятига етиб боришда маълум натижаларга эришгани учун ҳам “Ҳаким” нисбасини олган кам сонли шахслардан. Исломий илмларнинг турли йуналишларидаги асарлар муаллифи.

Аллома Моворауннаҳрдаги биринчи тариқат саналган “Ҳакимия” мактабига асос солади. Тариқатнинг моҳиятида валийлик, яъни “Комил инсон”ни тарбиялаш ғояси ётади. Эътибор қилинг, “Ҳакимия” тариқати таълимот даражасига кўтарила олган. Содда айтганда, Ҳаким Термизий асарлари мазмуни оддий тасаввуфий тариқат даражасидан юксалиб, таълимот даражасига етган. Буни жаҳон олимлари эътироф этмоқда.

“Қалбинг Аллоҳда, қўлинг ишда”

Ҳаким Термизийнинг “Баёнул касб”, яъни “Касб-тирикчилик баёни” асарида “Қалбинг Оллоҳда, қўлинг ишда” ғояси илгари сурилади. Олимларнинг фикрича, “Нақшбандия” тариқати “Ҳакимия” тариқати асосида шаклланади. Буни Баҳовуддин Нақшбанд бобомизнинг ўзи ҳам эътироф этади.

Олимларнинг фикрича, Ҳаким Термизий барча асарларининг тадқиқот марказида инсон туради. У нафс ва нафсни жиловлаш борасида олим эди, касалликларини фаҳмловчи, иллатлари ва яширин жиҳатларини танувчи эди. Олимлар алломани исломий нафс илмининг асосчиси сифатида ҳам эътироф этишади. У “Илмун-нафс” асарида инсон танаси ва ички дунёсини синчиклаб тадқиқ этади. Ўзи ҳам бу борада шундай дейди: “…агар нафс риёзат қилдирилса, унинг устида ишланса ва одоб берилса, жиловини эгасига беради”.

Яна бир қизиқ ҳолат: Ҳаким Термизий бир қанча асарида инсон танасини мамлакатга қиёслайди ва уни бошқариш ва тараққий эттириш учун қатъий тартиб-интизом талаб этилишини илмий итботлайди.

Обод масканга айланган манзил

Алломанинг ҳоки қадимий Термиз шаҳридаги хонақоҳ ҳужраларидан бирига дафн этилган. Ат-Термизий ҳаётлигида шу ерда мурид-шогирдлари ва бошқа дарвешларни қабул қилган, улар билан суҳбатлашган. Мақбара турли давр қурилишлари мажмуаси бўлиб, ягона бир бутун меъморий обидани ташкил этади. Обида XI, XII, XIII ва XV асрларда Эски Термиз қалъасининг шимоли-ғарбида барпо этилган. X–XI асрларда мақбара атрофига ибодатхоналар қурилган. XI асрда унинг шимолида уч гумбазли айвон, айвон ғарбий деворида пишиқ ғишт билан қопланган меҳробдан иборат дуо-таъзия масжиди барпо қилинган.

XV аср бошларида, Амир Темурнинг невараси Халил Султон Термизга ҳукмронлик қилган даврда, мақбаранинг шимоли-шарқий қисмида ҳашаматли хонақоҳ қурилган. Шоҳруҳ замонида Ал-Ҳаким Термизий мозори устига оқ мармарли муҳташам сағана ўрнатилади ва анъанавий усулда пишиқ ғиштдан мақбара қурилади. Мақбара атрофида бир неча ҳужра бор. Марказий қисмда (айлана гумбаз тагида) Ҳаким ат-Термизий сағанаси жойлашган.

Мақбара тарихда босқинчилар томонидан бир неча бор вайрон этилгани — ҳақиқат. Мамлакатимиз мустақилигигача бу ер бошқа мақсадларда фойдаланилгани эса киши кўнглини маҳзун қилади.

Обод масканга айланган манзилда бобомизнинг шод бўлаётган руҳи-покига ўқилаётган дуолар атроф-жавонибда янграб турибди.

Ал Ҳаким ат-Термизий ёдгорлик мажмуасида алломанинг мақбараси, чиллахоналар, ҳунарманд дўконлари, эҳсон ўтказиладиган 300 ўринли ошхона ва Термиз ва Термизийлар мероси тарихи музейи жойлашган. Мажмуа ҳудуди 10 гектар майдонни эгаллаган. У ерда шарқона услубдаги айвонлар қурилган, турли хил дарахтлар экилган, фаслларга мослашган мавсумий гуллар кўзингизни қувнатади. Йил давомида бу ерга мингга яқин хорижий сайёҳ, 500 мингдан ортиқ маҳаллий зиёратчи ташриф буюради. Амударё қирғоғидаги қадамжодан энди йил-ўн икки ой зиёратчилар қадами узилмайди. Халқимиз азалдан ўзи шундай: улуғларини доим улуғлаган!

Асарлари ўрганилади

Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан пойтахтимизнинг Ҳазрати Имом мажмуасида барпо этилаётган Тошкент цивилизацияси марказида ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк олимлар қаторида Ҳаким Термизийнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Энди Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар қатори алломанинг мероси ҳам илмий асосда чуқур тадқиқ этилади, унинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатлари кенг тарғиб қилинади. Марказ таркибидаги кутубхона ва архивга, қўлёзмалар фондларига бобомиз томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар тўпланиши аждодимизни янада яқиндан таниш ва у кишининг меросини ўрганиб, ҳаётимизга тадбиқ қилиш имкони пайдо бўлади.

Илмий мероси тўлиқ ўрганилмаган

Тадқиқотларга кўра, мусулмон қонунчилиги билимдони, файласуф, фалаккиётшунос, психолог, математик бўлган Ҳаким Термизийдан кўплаб асарлар мерос қолган. Уларнинг кўпи бизгача етиб келган. Сабаб асарларга одамлар доим эҳтиёж сезган. Шу боис, такрор-такрор кўчирилаверган. Шундай бўлса-да, улар тўлиқ ўрганилмаган.

Асарларнинг сони турли манбаларда турлича келтирилади, баъзи ўринларда улар 60, 80дан ортиқ дейилса, баъзи манбаларда 200, 400дан зиёд кўрсатилади. Олимларнинг айримлари фақат йирик ҳажмли асарларни саноққа киритган бўлса, баъзилари кичик — бир-икки варақ ва шу атрофдаги қўлёзмани ҳам асар ё рисола сифатида тан олади. Эътибор берсак, алломанинг кичик қўлёзмаси ҳам асар сифатида баҳоланади. Бу — унинг юксак салоҳият эгаси эканлигига далил. Ушбу қўлёзмалар ҳозирги кунда Париж, Қоҳира, Дамашқ, Лондон, Искандария ва Истамбул кутубхоналарида сақланмоқда.

Араб тилида ижод қилган Ҳаким Термизий асарларининг ўндан бири ҳам ўзбек тилига таржима қилинмаганини ҳисобга олсак, ушбу нодир дурдоналар диний ва миллий қадрият ва илдизларимизни ўрганишдаги муҳим нуқта сифатида бамисоли очилмаган қўриқ. Олим ва таржимонларимиз олдида турган улкан вазифа — аждодимизнинг эзгулик ғоялари билан суғорилган асл илмий меросини имкон қадар соф ҳолда ва тушунарли услубда авлодларга етказиш! Токи келажак авлод бу хазинани ўқисин, ўргансин, ҳақиқий қийматини англаб етсин ва улар орасидан ҳам Термиз ота сингари улуғ алломалар етишиб чиқсин!

Фозил ЖАББОРОВ.

Жавоб бериш

E-pochta манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган