Шанба, 20 Yanvar 2018

Ҳамма нарсага аллергияси бор қизалоқ

Квинсленд (Австралия)да яшайдиган уч ёшли Гэбби экземадан азият чекади. Аллергия қичишиш, пуфакчалар, йирингли яралар ва қатма-қат пўстлоқлар пайдо бўлиши билан кечади. Қизчанинг деярли ҳамма нарсага аллергияси бор, аммо у ва ота-онаси дардга таслим бўлмоқчи эмас.

Гэббининг онаси, 23 ёшли Тиффани ва унинг отаси, 26 ёшли Дэвид қизча олти ҳафтали бўлгандаёқ, танасида ғалати доғлар пайдо бўлганини, юз ранги ўзгариб, қорни дам бўлаётганини, кескин оза бошлаганини пайқашди.

“Гўдаклигиданоқ қандайдир муаммо борлигини билардик, аммо айнан нималигини аниқлолмасдик. Ҳамма шифокорларнинг фикри ҳар хил эди”, — дейди қизчанинг онаси.

Бола ўсган сари аҳволи ёмонлашаверди, мутахассислар эса унинг айнан нимага аллергияси борлигини аниқлай олишмасди. 10 ойли бўлганда Гэббининг ҳамма ёғи доғ ва йирингли пуфакчаларга тўлди. Бу Тиффанининг жонига тегди ва у қизини ҳамма нарсадан эҳтиётлашга қарор қилди.

Гэббининг ер ёнғоқ, сут маҳсулотлари, оқсил, денгиз маҳсулотлари, балиқ, чанг зарралари, буғдой, пардоз ашёлари ва цитрус мевалар, шунингдек, сунъий мато ва озиқ-овқат бўёқларига аллергияси бор.

Қизча учун пахта матодан махсус пижама тикилди. Кўчага киядиган кийимларини ҳам ёки қўлда тикишга ёки буюртма бериб тиктиришга тўғри келяпти. Либослар қизнинг кафтларини ҳам, товонларини ҳам ёпиб туради. Каравот махсус бамбук ёғочидан ясалган, хонадаги бошқа материалдан ишланган ҳамма буюмлар олиб қўйилган. Қизалоқ ҳатто ўйинчоқ ҳам ўйнамайди.

“Қизчам аксарият пайт ҳаммага ўхшаган бола бўлолмайди”, — дейди Тиффани. Гэббидан катта қизи ҳам бўлган Тиффанининг ўзига ҳам осон тутиб бўлмайди: Гэббининг атрофида чанг ютгич билан соатлаб юради, хона полини кунига бир неча марталаб артиб чиқади. Аммо бу ҳам ёрдам бермайди. “Унинг аллергик реакцияси нима билан алоқа қилганига боғлиқ. Масалан, чангдан кўзлари ёшланиб, томоғи қичишади. Цитрус мевалар ва пардоз ашёларидан тошма тошиб, қусади”.

Тиффанининг айтишича, реакциялар турлича бўлади. Бу реакциялар кўнгил айниши, диарея ва ҳушдан кетишгача етиб боради. Ривожланишидаги ўзига хосликлар Гэббининг бошқа болалар билан мулоқот қилишига йўл қўймайди. “Агар атрофдаги болалар қўл ва юзларини ювмаган бўлса, қизим болалар билан ўйнолмайди. Биз ҳаммадан ажратилганмиз, одамлар бизга зарар етказиб қўйишдан жуда қўрқишади”.

Тиффани Гэбби каттароқ бўлгандан сўнг озиқ-овқатлар ва буюмлардан бунчалик кучли таъсирланмаслигига умид қиляпти. Ҳозирча эса оиласи Гэбби учун унинг аллергияси бўлмаган материаллардан шинам уй қуришга 25 минг доллар топиш ҳаракатида.

СЕВИНЧ тайёрлади.