Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

Аёлни “ожиза” деганлар адашади

Ёшим 27да. Икки нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим жуда инжиқ инсон. Кўп гапиради, бўлар-бўлмасга менга зуғум қилади. Гўё унинг қўлидаги бир буюмдекман…

Кейинги пайтда оиламдаги бу ҳолат ўз таъсирини кўрсатмай қўймади. Бошим оғрийдиган бўлиб қолди. Аммо ота уйимга кетолмайман, дардимни ҳеч кимга айтолмайман ҳам. Келажакка умидсизликдан ҳатто ҳаётдан ҳам кўнглим совиган…

Уйда ҳамма юмушни ўз вақтида қиламан, эркаклар қилиши керак бўлган юмушлар ҳам менинг бўйнимда. Ажрашай десам, ота-онамга юк бўлишни хоҳламайман. Турмуш ўртоғим ишлашимга ҳам рухсат бермайди. Шу тарзда қийналиб яшаётганимга ҳам етти йил бўлди. Нима қилай, қаердан, кимдан меҳр излай?

Аёлни “ожиза” деганлар адашади. Аёл ўзида бир неча эркакнинг куч-қувватини жамлаган маънавий-руҳий қувватга эга. Аммо бу куч-қувват, ғайратни номардларнинг зулмига чидаш, бефойда ишларга сарфлашга тўғри эмас! Аёлга қўл кўтарадиган эркак номард ва энг ожиз кишидир.

“Бир болага етти маҳала ота-она” дейдилар, шу пайтгача азобланиб яшаб юриш жонимга текканидан, охири ёрилдим. Оиламдаги аҳвол ҳақида қайната-қайнанам, маҳалланинг ёши катта вакилларига айтдим. Ота-онамни аралаштирмадим, қудаларнинг орасига совуқчилик тушмасин, куёвини ёмон кўриб қолишмасин, деган мулоҳазага бордим. Эримни тартибга келтириш, невараларининг келажагини ўйлаш қайната-қайнанамнинг ҳам вазифаси-ку, деб ўйладим. Уларнинг арашувидан кейин эрим ўзгарадими, йўқми билмайман, чунки уйида доимий уруш-жанжаллар давом этадиган, аёлини беҳурмат қиладиган, жуфтини қадрламайдиган эркакларга инсофни Яратганнинг ўзи бермаса қийин. Улар ўз қўллари билан келажагини барбод қилаётган золимлардир! Болалари бахтли бўлишини истаган эркак уларнинг онасини севади, ҳурмат қилади. Фарзандларининг кўз олдида онасини беҳурмат қилган, ҳақоратлаб қўл кўтаришгача борадиган, “эркак” деган номга номуносиблар қариганида боласидан қайси юз билан оқибат, меҳр-мурувват кутади? Эркак киши кўзини очиб, масъулиятини ҳамма вақт ҳис қилмаса, келажагини хору зорликда тасаввур қилаверсин. Турмуш ўртоғим бу аччиқ ҳақиқатни қачон англаб етаркин, билмадим…

Гўзал, Қашқадарё вилояти.

Мактубни Умида АДИЗОВА тайёрлади.