Шанба, 22 Сентябрь 2018

Аҳил оила (Ҳажвия)

— Уйғондингизми, бегим!

— Уйғондим, асалим.

— Яхши дам олдингизми, арслоним?

— Шакарим, нонуштани тезлатинг.

— Хўп бўлади, султоним.

— Раҳмат, гўзалим.

— Арзимайди, ҳаётим…

Бунчаям тинч-тотув оила экан, деб ҳавасингиз келдими? Хулоса чиқаришга шошилманг. Бу бир-бирларининг исмларини эсдан чиқариб қўйган эр-хотиннинг эрта тонгдаги мулоқотлари, холос!

Бунақа чиройли муомаладан “бир қоп семириш”ни одат қилган болаларнинг онаси “темирни қизиғида бос” мақолига амал қилган ҳолда, ўша куниёқ эржонини спорт буюмлари дўконига бошлади. Нега дейсизми? Ҳа, ўша ширин муомала, ширин-ширин таомлардан орттирилган ёғларни назорат қилиб бориш керакми, ахир?!

…— Бўлди-да, энди, хотин, биттасини танла-қўй! Сен чарчамаган бўлсанг, мана, мен чарчадим.

— Олганга яраша яхшисини олиш керак, дадажониси. Эртага бузилиб қолиб, “яна олиб беринг”, десам, кўзингизга балодай кўринишимни биламан?!

— Обераман! Обермаганам номард! Худо хайрингни берсин, тезроқ биттасини танла! Ахир машина олаётганинг йўқ-ку?! Бу бор-йўғи вазнингни ўлчайдиган тарози бўлса?!  Мана, манавинисини олайлик.

— Бўлмайди. Айнан шуниси рақамларни хира кўрсатаркан.

— Тағин қанақа рақам?

— Қанақа рақам бўларди? Оғирлигимни ўлчаганда килограмм рақамда чиқадими?! Ёки расмимни чизиб кўрсатадими?

— Буниси-чи, буниси?

— Буниси полни тирнаркан. Яқиндагина паркет қоққанимиз эсингизда йўқми?

— Вой, бу умуман муаммомас! Тарозингни гиламнинг устига қўямиз, тамом-вассалом!

— Гиламниям тешворса-чи?!  Уйдаги янги гиламларни олдиргунча сизга гапиравериб, ялинавериб чакагимда чакак қолмаган! Бошқа бунақа синовга дош беролмайман, бу аниқ!

— Бўлмаса, билганингни қил! Биттасини танлаганингдан кейин телефон қиларсан, пулини тўлаб олиб кетаман.

— Вой-вой, ҳечам-да! Озгина сабр қиласиз, бирга кетамиз. Менга манави иккита тарози маъқул келди. Қайси бирини оламиз?

— Рақамни хира кўрсатмасаканми?

— Йўқ, бинойидек.

— Полни илма-тешик қилса-чи?

— Йўқ, яхши. Мана, ўзингиз кўринг.

— Ахир бу тарозиларни бир ярим соат илгари, дўконга энди кириб келганимизда кўрувдик-ку?!

— Ҳа. Шунақа бўлган бўлса нима қипти?

— Ундай бўлса, манавинисини оламиз!

— Нимага айнан шунисини?

— Чунки шу тарозига чиққанингда оғирлигинг…нақ қирқ граммга енгилроқ чиққанди, эслаб қолдим! Агар ишонмасанг…

— Ҳай-ҳай, индамасам, мени ёмон хотинга чиқариб қўясиз-а? Нега энди, арслонимга ишонмас эканман!  Ишонаман! Майли, сиз айтганингиздай бўлақолсин! Худди шу тарозини ола қоламиз!

Дўкон машмашасиям “осон”гина ҳал бўлганидан хурсанд бўлган эр, уйга келиши билан тўрт оёқли дўсти — диванжоннинг бағрига сингиб кетгудай ёпишди. Тарозини жой топиб ўрнаштирган хотин эса унинг рўпарасига келиб, миннатдор оҳангда гап бошлади:

— Боя дўконда “Ахир машина олаётганинг йўқ-ку?” деганингизда юрагим ғалати бўлиб кетди.

— Нега ғалати бўлади?

— Эсингиздами, бир дугонам эри билан ҳар жанжаллашганда мушукчанинг ичига минг сўмдан ташлайдиган одатимиз бор, деганини айтувдим.

— Эсимда! Хўш, нима бўпти?

— Кеча ўша дугонамни учратиб қолгандим, тағин мақтанди.

— Нима деб мақтанди?

— Эри билан ҳар жиқиллашганда йиққан ўша пулларига енгил машина сотиб олишганмиш!

— Йўғ-е?! Ростданми? Қойил!

— Менам шуни айтаман-да! Келинг, бизам шундай қиламиз!

— Жанжаллашамизми?

— Йўқ. Ҳар жанжаллашганда минг сўмдан ташлаб қўямиз.

— Шўрим қуриди! Шунча пулни қаердан оламан?! — деди ўзига-ўзи.

Кеча чойхонада айтилган “Эркаклар ҳамиша аёлларга тоғни толқон қилишга ваъда беришади. Қани, орангизда ҳеч бўлмаганда бир дона  “толқон қилинган тоғ”ни кўрган одам борми?” деган гапни эслаб, индамади. Хотин эса, “сукут аломати ризо”, деган гапни яхши билганидан индамайгина кечки овқатга уннаб кетди…

Дилдора НАЗАРОВА.

Жавоб бериш

E-pochta манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган