Жума, 14 Декабрь 2018

Қадрнинг баҳоси

— Акбар, психология китобингни бериб тур…

Маликанинг оғзидан “бир одам”нинг исмини эшитиши билан Кумуш “ялт” этиб қаради. Акбарнинг Маликага китоб узатаётганлигини кўриб, юраги ўртаниб кетди. Гарчи ёнбошига юзи билан қайрилган Акбарнинг кўзларигача кўриниб турган, унда ғайриодатий бир ўзгариш кўрмаган бўлса-да, Кумуш бетоқатлана бошлади. “Нега энди Малика айнан Акбардан китоб сўради? Орқа-олдида бошқа болалар, ҳатто қизлар ҳам бор-ку! Акбар унга: “Мендан кўра Аббос билан Чарос сенга яқинроқ ўтиради-ку, ўшалардан ол”, деса бўлмасмиди? Ё уларнинг орасида нимадир бошланиб кетдими? Йўғ-ей, бирпасда-я? Бўлиши мумкин эмас…”

— Қобилжонова… — Кумуш бирдан чўчиб тушди. У психология ўқитувчисининг нақ рўпарасига келиб турганини пайқамаган экан. Ўрнидан турди-ю, ганг бир аҳволда муаллимасига тикилди.

— А-а? — деганга ўхшаш ҳирқироқ овоз чиқарди. Гуруҳдошлари кулиб юборишди. Кумушнинг бошидан бир машина шағал ағдарилгандек бўлди.

— Ўша шароитда сиз қандай йўл тутган бўлар эдингиз?

Муаллима саволини такрорлади. “Қайси шароит ҳақида гап кетяпти? Ўзи нима тўғрисида эди ўтаётган дарсимиз?” Кумуш ҳозир бу саволларга дафъатан жавоб топа олмас эди. Шунинг учун:

— Устоз, бошим… оғриб турибди, хаёлимни жамлаб ололмаяпман, узр, — деди. Ўн етти-ўн саккиз ёшли эрмакталаб ҳавойи ўсмирларнинг табиатини тушуниш қийин эмас. Улар орасида бир-иккитасигина жим ўтирмаган бўлса, қолганлари яна кўтарилган кулгига қўшилди. Кумуш баттар довдиради, икки юзи лолаланди, мижжалари намланди.

— Бошингиз оғриётган бўлса, дўхтирнинг олдига киринг, дори олиб ичинг. Дарсда бунақа аҳволда ўтирманг. Кайфиятингиз бошқаларга ҳам юқади… — Муаллиманинг овозида таъна, гина йўқ эди, самимий гапирар эди. Аммо ҳозир аудиториядан чиқиб кетса, кимдир — тилига доим қалампир суриб юрадиган қизлардан бирортаси:

— Нимага боши оғриганини биламиз, — деб кесатиши мумкин. Табиий, яна кулги кўтарилади. Кумуш эса Акбарнинг олдида аудиториядан кулги остида чиқиб кетишни мутлақо хоҳламайди. Шунинг учун ҳануз ўзига тикилиб турган устозига:

— Мен ҳуда-беҳудага дори ичавермайман, ўзимни қўлга оламан, ўтиб кетади, — деди. Бу гал чиндан ҳам ўзини қўлга олгандай кўрсатишга, қатъийроқ овозда гапиришга уринди. Хаёлларини жамлаб, дарснинг қолган қисмига қулоқ солишга ҳаракат қилди. Дарс Абдулла Қодирий ҳазратларининг “Меҳробдан чаён” романидаги Раъно образи хусусида борар эди. Муаллимани асарнинг бош қаҳрамонларидан бирининг ҳаётнинг қалтис бир нуқтасида қилган қарорига ўқувчиларининг муносабати қизиқтирар эди.

— Раънонинг Анварга ўз оиласи, ота-онаси, Анварнинг дўстларининг ҳаётини таҳликага қўйиб, кетиш, қочиб кетиш ҳақидаги таклифини қандай баҳолайсизлар? Албатта, ҳар бир давр бу асарга ўз баҳосини берган. Бугунги Раъно, хон демайлик, шоҳу султон демайлик, бирор амалдорнинг ўғлига турмушга  чиқиши шарт бўлса-ю, лекин қўли “калта”роқ, имконияти торроқ йигит билан ота уйидан рози-ризоликсиз чиқиб кетса, буни қандай талқин қиласизлар?

Муаллима ўз ўқувчиларини атайлаб қарама-қарши саволлар гирдобига ташлаб, фикрлашга ундаётганга ўхшарди. Кумуш ҳозирги кайфиятида бу баҳсга қўшилгиси келарди. У ўзи умуман гуруҳнинг энг фаол ўқувчиси  эди. Аммо, назарида, Малика билан Акбар яна бир-бирларига қараб қўйгандек туюлди. Ўйлари тариқдек сочилиб кетди. Фақат:

— Устоз, Абдулла Қодирийнинг романидаги вазият бутунлай бошқа вазият-ку, — деди.

— Тўғри, мен  уларни бир хил вазият демаяпман. Лекин ҳар бир асар фақат ўз даврига эмас, бир неча замонларга хизмат қилса, унинг умри боқий бўлади. Ҳар бир асарни ўз даври нуқтаи назаридангина эмас, ўқувчи яшаётган замоннинг кўзи, нигоҳи билан ҳам  ўрганиши зарур…

Яна қайси бир гуруҳдошлари баҳсга аралашди. Кумушнинг кўз  қири, фақат кўз қири эмас, бутун хаёли Акбар билан Маликада эди. Ўзи кейинги пайтларда кўз олдида ҳамиша “Акбар” деган исм чироқдай чарақлаб турадиган бўлиб қолган эди. Баъзан “Ахир мени ҳам ёқтирадиган йигитлар бор-ку. Ана, нариги гуруҳдаги Шуҳрат доим бир нарса дейишимга маҳтал  бўлиб туради. Шуҳратнинг  Акбардан нимаси кам? Бўй деса, бўйи, ақл, ҳусн деса ҳаммаси бор. У бир неча марта Кумушнинг ўзига бўлмаса-да, қизлар билан гала-гала бўлиб ўтиб кетишаётганларида:

— Менинг исмимни нега Шуҳрат қўйишган экан? Отабек деб аташганларида зўр бўларди! — дея нималаргадир ишора қилган эди. Лекин кўнгил экан-да, Кумушнинг дили Акбарга боғланган. Акбар унинг фақат гуруҳдоши эмас, маҳалладоши. Ҳатто, боғчага ҳам бирга қатнашган. Кумуш қандайдир бир байрамдан сўнг ўз гуруҳдошлари билан тушган суратда ҳам Акбар билан ёнма-ён турибди.

Бу расмни Акбарга кўрсатган эди:

—  Ўшанда бўйдор экансан-да, қара, мендан ярим қаричча баландсан. Менда бу расм бўлмаса керак. Яна бир нусха қилишнинг иложи бўлармикан? — деди. Ҳолбуки, Кумуш имо-ишора билан бўлса-да, “Менда йўқ бўлса, зарари йўқ, шу биттаси икковимизга етади”, тарзидаги гапни кутган эди. Йўқ, Акбар тарафдан бундай ҳаракат бўлмади. “Кўнглимга совуқ сув сепиб, музлатишим керак”… Ўша кунлар шундай аҳд ҳам қилди. Йўқ, кўнглига кучи етмади. Баъзан Акбар ҳам унга бефарқ эмасдек  туюлади. Эрталаб уйдан  чиқишдан аввал қўнғироқ қилади.

— Кумуш, эртароқ чиқсанг, муюлишда пойлаб тур, тарихдан (ёки бошқа фанлардан) уйга вазифани йўл-йўлакай  мустаҳкамлаб оламиз, — дейди. Бундай лаҳзаларда Кумушнинг қўлтиғи остидан қанот ўсиб чиққандек бўлади. Кўзгу олдида одатдагидан кўпроқ туради. Албатта, муюлишга Акбардан аввалроқ етиб боради. Лекин ҳовлиқиб келганлигини билдирмаслик учун панароқда туради. Икковлари жуда иноқ сўрашадилар. Йўл-йўлакай савол-жавоб қилишиб, дарсларини мустаҳкамлаб олишади. Вақт қолса, Акбар ҳазил-ҳузул қилади. Ўша куни дунёда Кумушдан бахтиёрроқ одам бўлмайди. Лекин аудиторияга киргач, айниқса, нозик-ниҳол Маликанинг Акбарга узун киприкларини пирпиратиб бир ўзгача нигоҳ ташлаганини кўрганида бахтиёрлик кабутарлари тўрт тарафга қанот боғлаб учиб кетгандек бўлади. Чунки Малика ҳақда фақат  гуруҳдошлари эмас, лицейдаги  бошқа қизлар ҳам “Назокатли қиз-да қурмағур”, деб гапиришади. Кумуш Акбарнинг  Маликага  алоҳида илтифот кўрсатганини билмайди. Деярли ҳамма қизлар қатори муомала-муносабат қиладигандек… Лекин баъзан битта қараш ҳам Кумушнинг юрагига юк бўлиб тушади.

… Дарс, баҳсларга бой дарс охирлаб бормоқда эди. Бирдан Кумушнинг миясига бир фикр  келди: Ахир Акбар Кумушнинг қалбида кечаётган туғёнларни мутлақо билмаслиги мумкин-ку. Шунчаки Маликага ўхшаб озгина майли бор, деб ўйласа-чи? Кумуш унга китоб қатига  қуритилган гул солиб  берибдими? Ё шунча ёнма-ён келганларида  кўнглидан гап очибдими? Тўғри, қизлар ҳазил-ҳузул қилишади. Лекин улар кимларни кимларга пешламайди, бу ёшлик аудиториясида ҳаммаси ҳазил ўрнида  қабул қилинади. Балки Кумушнинг ўзи биринчи бўлиб Акбар тарафга қадам ташлаши керакдир. Ахир, мана, бугунги ўтилаётган дарсда ҳам, Раънони “жасур қиз”, дея баҳолашди-ку. Кумуш қандай қўл кўтаргани-ю, устозининг:

— Қобилжонова, нима гап? — деганини элас-элас пайқади-ю, айтмаслик керак бўлган гапни айтиб юборди:

— Қиз бола биринчи бўлиб муҳаббат изҳор қилса, бу ҳам жасурлик  сифатида баҳоланадими?

Яна кулги, энди кулгиларга овозлар ҳам қўшила бошлади.

— Кимга муҳаббат изҳор қилмоқчисан, Кумуш?

— Лекин Кумуш Отабекка муҳаббат изҳор қилмаган…

Худди шу пайтни кутиб тургандек  қўнғироқ овози  янгради. Устозлари:

— Жим, жим бозор қилиб юборманглар. Бу саволнинг жавобини ҳамма бир варақ қоғозга ёзиб келсин. Исм-фамилия қўйиш шарт эмас. Ёзганларингни ўқиб, кейин ҳаммамиз биргалашиб Кумушнинг саволига жавоб топамиз, — деди.

Муаллима чиқиб кетгач, Кумуш ғалати бир аҳволга  тушиб қолди. Чунки катта танаффусга кетаётган ўғил болалар-ку, индамай ўтиб кетишди. Назарида, қизларнинг ҳаммаси шивирлашаётганга ўхшарди. Уларнинг шивирида “Қиз бола… муҳаббат изҳори…” деган гаплар бордек эди.

* * *

Кумуш неча кундан буён  Акбарнинг “Эрта уйдан чиқсанг муюлишда кутиб тур”, деган қўнғироғини  кутади. Лекин у қўнғироқ қилмайди. Авваллари баъзан дарсдан сўнг ҳам бирга кетишарди. Масалан, бу йил қор ёғганида маҳаллаларининг  бошига кичкинтой болалар билан бирга Қорбобо ясашган эди. Ўша кунги психология дарсида берган саволидан сўнг Акбар ундан ўзини олиб қочаётганга ўхшайди. Дарс тугаши билан ҳеч кимга қарамай чиқиб кетади. Бир неча бор Кумуш эрталаб муюлишга келиб панада Акбарни пойлаб турди. Лекин Акбар бу йўлдан умуман юрмасдан нариги кўча  билан кетадиган бўлди. Дарсда ҳам Кумушнинг берган саломига кўз қири билан ё бошини қимирлатиб, алик оларди, холос. Кун бўйи бир оғиз ҳам  гапирмасди. Психология устозлари ҳам ўша кунги берган топшириғи бўйича қоғозларни  йиғиштириб олди. Кумуш ўз варағини тўлдириб ташласам керак, деб ўйлаган эди, лекин бир жумла ҳам ёза олмади. Негадир йиғлагиси  келаверди. Муаллима қоғозларни йиғишга йиғиб олди-ю:

– Бугун сизлар билан янги бобни бошлаймиз. Бу варақлардаги фикрларга вақти билан қайтамиз, — деди. Ҳеч ким “чирқ” этмади. Кумушнинг ўзи ҳам ҳар доим бўш турадиган охирги ўриндиққа бориб ўтирадиган, бўш қолди дегунча ҳеч кимга қўшилмай, олдидаги вараққа нималарнидир чизиб ўтирадиган бўлди. Гўё ўша кунги дарсда ўйламасдан берган саволи унинг жон-жисмини Акбарга, бошқаларга чиройли кўрсатиб турган “қадр” тушунчасидан бир бўлагини, балки кўпроғини ушатиб олиб кетгандек эди.

 Қутлибека РАҲИМБОЕВА.