Душанба, 15 Oktabr 2018

Қабзиятдан қандай қутулиш мумкин?

Қабзиятнинг сабаблари турлича. Агар одам узоқ вақт бу муаммодан азият чекса, ҳазм қилиш тизими билан боғлиқ муаммолар юзага келиши, шунингдек, йўғон ичак яллиғланиши, ичакда дарз ҳосил бўлиши, бавосил пайдо бўлиши мумкин.

Касаллик сабаблари:

  • * сувни етарлича истеъмол қилмаслик;
  • * ёғли ва сифатсиз таомларни кўп тановул қилиш;
  • * қуруқ таомларни тановул қилиш;
  • * панкреатит;
  • * холецистит;
  • * йўғон ичакнинг яллиғланиши;
  • * эндокрин касалликлар;
  • * камҳаракатлилик ва мунтазам ўтириб ишлаш бўлиши мумкин.

Аломатлари ва даво чоралари

Қабзият кўпинча қоринда оғриқ, газ тўпланиши билан кечади. Одам бир неча кунгача ичини бўшатолмайди, бундан умумий аҳвол ёмонлашади, қонга заҳарли моддалар тушади. Бу аҳвол узоқ давом этса, мутахассисга мурожаат қилиш керак.

Ичак — бу иммун тизимининг бир қисми. У ўз ишини яхши бажариши учун овқатланиш тартибига аҳамият бериш керак. Ичак фаолияти учун энг фойдалиси — клетчатка, сув ва қатиқ маҳсулотлари. Агар ичакка бу маҳсулотлар мунтазам равишда тушиб турса, у соат механизмидек яхши ишлайди.

Агар одам мунтазам равишда гўшт еса, уни салатлар билан уйғунлаштириши зарур. Бу исмалоқ, пиёз, карам, шунингдек, сабзавотлар — сабзи, бодринг, помидорли салат бўлиши мумкин. Энг фойдали сабзавот лавлаги саналади. Уни қайнатиб, хомлигича, тоблаб ейиш, шунингдек, шарбат тайёрлаш (масалан, сабзи ва лавлагили) мумкин.

Тобланган лавлаги салати

Духовкада лавлагини тоблаб пишириб, пўстини тозаланг. Кейин майда тишли қирғичдан чиқаринг. Ёнғоқ ва зайтун мойи қўшиб, 10 кун давомида ҳар куни истеъмол қилинг.

Сув ичишни унутманг!

Исмалоқни блендерда майдалаб, лавлаги шарбати билан қўшинг. Кунига 3 маҳал овқатланишдан олдин истеъмол қилинг.

Сув — барча маҳсулотлар учун ажойиб эритувчи восита. Овқатланишлар орасида сув ичишни унутмаслик керак. Шунда ичак билан боғлиқ муаммолар камаяди.

Қатиқ маҳсулотлари ичакни қўзғатиб, ишлашига ёрдам беради. Уларни мунтазам истеъмол қилиш ҳазм қилиш тизими ишини яхшилаб, қабзиятдан халос этади.

Канакунжут мойи

Уни касалликдан қутулиш учун кунига бир неча марта истеъмол қилишади. Бир кунда 30 г дан зиёд мой истеъмол қилиб бўлмайди, чунки бу кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунингдек, уни истеъмол қилишни уч кундан кўпга чўзиб бўлмайди.

Мойчечакли ҳуқна

Ҳуқна учун 1 литр мойчечак қайнатмаси, махсус мослама, вазелин керак бўлади. Қайнатма тўғри ичакка юборилади ва бир неча дақиқадан сўнг табиий бўшаниш юз беради. Ҳуқнани оддий қайнатилган сув билан ҳам қилиш мумкин.

Шарбатлар

Янги маҳсулотлардан тайёрланган шарбат истеъмол қилган яхши. Ичак яхши ишлаши учун кўкатлар фойдали. Блендерда майдаланган кўкатни олма шарбати ва бананли пюре билан аралаштириб, икки ҳафта давомида ҳар куни истеъмол қилиш керак.

Жисмоний фаоллик

Тушликдан сўнг уйқуга ётиш — ҳазм қилиш тизими учун зарарли. Чунки овқатни ҳазм қилиш жараёнлари секинлашади. Энг маъқули — пиёда сайр ёки бирон машғулот. Шунингдек, фойдали машқларни бажариш мумкин:

  • * Белингизни тик тутиб ўтирган ҳолда секин-аста қоринни тортиб, қўйиб юборинг. Бундай машқни 10 мартадан уч маҳал бажаринг.
  • * Чалқанча ётган ҳолда велосипед минаётгандек ҳаракат қилинг.
  • * Соат стрелкаси бўйича илиқ кафтлар билан қоринни аста уқаланг. Уқалашни овқатланишдан олдин бажариш мумкин.

Олдини олса бўлади

Бунинг учун:

  • * сувни етарли миқдорда истеъмол қилиш;
  • * ҳракатчанлик;
  • * қуруқ таомлар билан қорин тўйдиришдан воз кечиш;
  • * овқатни яхшилаб чайнаш;
  • * ҳазм қилиш тизими аъзолари касалликларини ўз вақтида даволаш;
  • * сабзавот ва мевалар истеъмол қилиш зарур.

СЕВИНЧ тайёрлади.