Душанба, 17 Декабрь 2018

Аброр Абдураҳмонов: “Ҳазилларимни ҳамма ҳам тушунмаслиги мумкин…”

Талабалик даврида “ҚВЗ” гуруҳида ижод қилган Аброр Абдураҳмонов институтдан кейин ҳам ўз ҳаётини саҳнасиз тасаввур қила олмади. Мутахассислиги юрист-педагог бўлишига қарамай, бугун уни кўпчилик кулги устаси ва актёр, тўғрироғи, Бахтиёрович сифатида танийди. Талабалик давридаги севимли хоббиси эндиликда Аброрнинг чинакам касбига айланди.

— Қизиқчилик билан шуғулланишингиз ва айнан шу соҳада ўрнингизни топишингизда муҳим омил бўлган сабаб нима?

— Санъат соҳасига кўпроқ вақт ажратишимга сабаб, талабалик пайтимда, университетнинг  “ҚВЗ” терма жамоасига чақиришган. У ерда озгина фаолият юритгач, жамоа сардори бўлдим. Жамоа яхши натижаларга эришиши учун кўпроқ вақтимни саҳнадаги фаолиятимга бағишладим ва ўқишга ҳам, оилага ҳам вақтим деярли қолмади. Институтни битиргач, мендан яхши малакали юрист-педагог чиқмаслигини тушундим ва санъат йўналишида тиришиб ўз ўрнимни топишга ҳаракат қилдим. Яқинларим бошида айнан шу соҳадан кетишимга қарши бўлишди, ҳатто дадам уйдан ҳайдаганлар. Лекин уйда ягона одам — бувим мени қўллаб-қувватлаганлар ва ҳатто ҳомийлик қилганлар. ТВда чиққанимдан кейин яқинларим ҳаётимни саҳнасиз тасаввур қила олмаслигимни тушунишган ва тўғри йўлни танлаганимдан хурсанд бўлишган.

 — Яқинларингиз қайси соҳа вакиллари?

— Дадам Бахтиёр Абдураҳмонов — журналист, “Ишонч” “Соҳибқирон юлдузи” газеталарида ишлаганлар. Бобом ва тоғам ҳам журналистлар. Тоғам Юсуф Қобилжонов “Халқ сўзи”, “Ташкентская правда”, “Зеркало XXI века” газеталарида ишлаганлар.

Онам — ўқитувчи, инглиз тилидан дарс берардилар. Болалигимда роса мактабни кўп алмаштирганман. Сабаби, онам яхши билим олишимни хоҳладилар ва шу мақсадда, таълим кучли бериладиган мактаб топишга ҳаракат қилганлар. Охири 110-мактабда ўқий бошладим. 9-синфни битиргач, озгина вақт архитектура ва қурилиш институти қошидаги лицейда ўқидим. У ерда математика ва физика фанларини шунақа зўр ўргатишди, тўғриси, бу фанларни шу даражада ўзлаштира оламан, деб тасаввур қилмагандим. Кейин яқинларим билан педагогика институтида ўқишим ҳақида маслаҳатлашдик ва мактабга қайтиб, тарихдан яхши ўқиб, бир йил давомида телевизор, радио, телефон, ҳамма нарсани йиғиштириб, фақат институтга ўқишга кириш учун тинимсиз тайёрланганман. Хуллас, таълим олишим билан фақат онам шуғулланганлар ва қайси мактабда ўқисам, ўша мактабга ишга кирардилар. Уларга раҳмат дейман. Чунки мана шу ҳаракатлар самарасини бериб, Низомий номидаги педагогика университетига, бюджетга энг юқори балл билан ўқишга кирганман. Тарих факультетида миллий истиқлол ғояси, ҳуқуқ ва маънавият асослари йўналишида таҳсил олдим. Магистратурани миллий истиқлол ғоясининг фалсафий масалалари йўналиши бўйича тамомладим.

— Олий ўқув юртини битиргач, ўқиган соҳангиз бўйича ҳам ишлаб кўрдингизми?

— Ишладим, албатта, қоидага кўра бюджетда ўқиган талаба мактабда ишлаб бериши керак. Мен ҳам қўлдан келганча ҳаракат қилдим ва 72, 160, 110-мактабларда тарих, ҳуқуқ, миллий истиқлол ғояси фанларидан ўқувчиларга дарс бердим. Фаолият олиб борган барча мактабларимда жамоа яхши эди, мазза қилиб ишладим. Лекин бу соҳа мен учун эмаслигини ич-ичимдан ҳис этардим. Қолаверса, мактабдаги қоғозбозлик одамнинг дарс беришга лаёқатини ҳам синдириб ташларди. Ҳужжат ва ёзув-чизув ишлари жуда кўплиги сабаб, мактабда умуман дарс бергим келмади. Тўғриси, ўша қоғозларни тўлдираман деб, дарсга тайёрланишга ҳам улгурмасдим. Бу ёқда ўзим қизиқадиган хобби — саҳна ҳам, шуғулланадиган спорт турим — боксга ҳам вақт топа олмай қолдим. Шу сабаб, мактабдан кетдим.

Лекин мактаб менга олган билимларимни қайтариш даври бўлди, чунки дарсларга тайёрланиш жараёнида барча ўқиганларимни такрорладим, билмаган нарсаларимни ўқиб ўргандим. Бу томондан мактабда ишлаганим менга катта фойда бўлди, заковатимни оширдим.

 

Телеканалдаги фаолиятингиз қандай бошланди?

— “ZO‘R” ТВ каналига Жаҳонгир Позилжонов таклифи асосида келиб қолдим. Зокир ака Очилдиев билан биргаликда скетч кўринишидаги ҳазиллар қилаётганимизни кўриб, улар Зокир акани таклиф қилишган. Зокир ака бу ҳақда айтгач, Жаҳонгир Позилжонов билан бирга “Скетч шоу” лойиҳасини тайёрладик. Телеканал муассисларига лойиҳамиз ёқди ва улар яна бошқа лойиҳалар қилишимизни таклиф қилишди, шароитлар яратиб беришларини айтишди. Эндиликда уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиляпмиз.

— Лойиҳага айнан инглизча ном берилишига сабаб нима?

— Кулгининг латифа, аския каби кўринишларидан бири скетч. Биз қилаётган ишимиз қайси йўналишда эканини билдириш, уни оммалаштириш мақсадида кўрсатувни шу жанр номи билан номладик.

“Хафа бўлиш йўқ” лойиҳаси ғоясини эса продюсер, ҳамкасбим Санжар Пардаев аслида “Скетч шоу”дан ҳам олдин таклиф қилганди. Бизнинг энг катта ютуғимиз — санъаткорларнинг кўпи лойиҳамиздан хабари йўқ. Шу сабабли санъаткорларимиз биз уюштирган ҳолатларни сезишмайди. Лекин айрим пайтда биз келишган одамлар санъаткорни бу ҳақда хабардор қилиб қўяди ва бу нарса ўзимизга ҳам яққол кўриниб қолади.

— Бу лойиҳа ҳақида қалтис ҳазиллар озгина ошириб юборилаётгани ҳақидаги эътирозларга нима дейсиз?

— Бунинг сабаби, одамларни кутилмаган вазиятларга тайёрлаб бориш керак. Чунки беш дақиқадан кейин бизни нима кутаётганини билмаймиз. Қолаверса, кўрсатувларнинг бирида намойиш қилингани каби машинанинг тагига ўзини ташлайдиган одамлар ҳам бор. Шунақа вазиятда одам шок ҳолатига тушиб қолади ва тўғри қарор қабул қила олмайди. Бу пайтда у бошқа ҳушёрроқ одамнинг ёрдамига муҳтож бўлади. Мана шу саҳналарни экран орқали кўрган одамлар бундан ўзига хулоса қилади. Яъни одамларда ҳар хил кутилмаган воқеаларга иммунитет ҳосил бўлади.

— “Скетч” шоуда сценарийларни ким ёзади?

— Скетчларимиз орасида Санжар ва ўзим ёзган сценарийлар ҳам бор. Биз тўхтаб қолган кунимиз орқада қоламиз, шунинг учун доим изланишдамиз. Бундан ташқари, айнан шоу учун сценарий ёзадиган ва скетчга қизиқадиган муаллифларимиз ҳам бор. Олмалиқдан Шарофиддин исмли муаллифимиз “телеграм” орқали скетчлари борлигини айтиб, улардан фойдаланишни таклиф қилди. Ўқиб кўрсам, яхши экан, мавзулар бердик.

Театр институтида ўқийдиган Сирожиддин, Жуманиёз, Аббослардан иборат “Торнадо” номли учлик бор, баъзан улар, гоҳида русча “ҚВЗ” иштирокчилари — Нодир, Бобур Умархўжаевлар сценарийлар ёзиб беришади.

Тўғрисини айтаман, ҳазилларни сотиб оламиз. Сценарийларимизни ҳар хил одам ёзгани учун мавзуларимиз турлича чиқади.

Яккахон қизиқчи сифатида фаолият юритиш ҳақида ўйлаганмисиз?

— Йўқ, мен жамоа билан катта бўлганман ва фаолиятимни жамоада давом эттирсам керак. Чунки менга жамоа билан ишлаш ёққан. Тўғри, яккахон концерт борасида эксперимент қилиб кўрдим.  Шунақа тажрибалар қилиб туришни яхши кўраман. Лекин мен жамоавий ўйинчиман, яккахон бўлиб чиқишни орзу ҳам қилмайман.

— Айнан қизиқчилик борасидаги устозингиз ким?

— Менга ҳазил нималигини “ҚВЗ”да юрган пайтимда Олим ака ўргатган. Ўз устимда ишлашим учун майдонча яратиб берган одам “ҚВЗ”нинг ўша пайтдаги раҳбари Шукур Маҳкамов бўлади. Кейин рус “КВН”ига ўтдим, бу жамоада ўйнаганимда, жуда кучли билимли инсон — Игорь Александрович Кучмар ҳазилнинг бутун моҳиятини, стратегия қилишни, формулаларини, бутун фалсафасини ўргатди. Бу инсондан тезкорлик билан сифатли, одамларга ёқадиган қизиқ нарсалар чиқаришни ўргандим. Ўзига хослик, саҳналаштириш, постановкаларни ўргатган одам “Замин” студияси раҳбари Саъдулла Абдуллаев бўлади. Продюсерлик ва ижодимни одамларга тарқатишни таниқли продюсер Даврон  Сойипов ўргатган. Қилаётган ишимдан даромад топишни Ҳасан Хусан Мамасаидовлар ўргатган. Хуллас, уларнинг ҳаммалари қайсидир томондан менга устозлик қилишган. Одамлар билан муомала қилиш, ўзимни тутишим, умуман олганда, муомала маданиятини ўргатган ҳаётий устозим тоғам — Юсуф Қобилжонов бўлади.

“ҚВЗ”да Низомий номидаги университетнинг “Аъло” жамоаси сифатида беллашганмиз. Жамоамиз 2007 йили чемпион бўлди. Кейин рус тилида олиб борилган “КВН”да иштирок этиб, 2010 йилда чемпионликни қўлга киритдик. Ўша йили Сочида ўтган халқаро “КВН” фестивалида юртимиз вакили сифатида иштирок этдик. Шундан сўнг Москвага, Масляков томонидан уюштирилган МДҲ давлатлари кубогига чақиришди. Бу ерга бориш, охирги қаторда бўлса ҳам, уларни томоша қилиш менинг орзуим эди. Ва беҳисоб шукурки, нафақат орзуимдаги инсонларни кўриш, балки “КВН” дарғалари билан бир саҳнада уларга қарши жамоа бўлиб ўйнаш ҳам насиб қилганидан ҳалигача хурсанд бўлиб юраман”. 

Бугунги кунда қизиқчилик соҳасига билдирилаётган эътирозларнинг сабаби мактаб кўрмаганлик билан боғлиқ. Келажакда тажрибаларингиз асосида ҳаваскор ёшларга мактаб яратиш ҳақида ўйлаганмисиз?

— Бу ҳақда ўйлаганман, мактаб яратмоқчи бўлганмиз ҳам. “Қувноқлар даврасида” номли кўрик-танловни ташкил қилган Аброр Мамадалиев ўша пайтда мени бош муҳаррир қилиб чақирди. Танловга келаётган ҳазилларни кўриб, бир йўналиш берувчи мактаб очмасак бўлмаслигини айтганман. Ва юздан ортиқ ёшларга йўл-йўриқ кўрсатувчи мактаб очдик. Бу ўз самарасини берди, албатта. Айни пайтда ўша мактабда сабоқ олган ўқувчиларимиз орасида кўпчилик танийдиганлари ҳам бор. Лекин ижодкор бўлиш, одамларга ёқиш учун ўша одамнинг ўзида ҳам нимадир бўлиши керак. Агар у ўз устида ишламаса, мутолаа қилмаса, мактабдаги сабоқларнинг ҳам фойдаси йўқ. Шунда ҳам барибир бунақа мактаблар керак, деб ўйлайман.

“Маслаҳат сўраган одамдан маслаҳатимни аямайман. Лекин бошқаларнинг ижодини муҳокама қилиш ёки фикр айтишни ўзимга эп кўрмайман. Чунки ҳар кимнинг таъби турлича, кимгадир ниманидир мажбурлаб ёқтиришнинг иложи йўқ. Ўзим эса доим оддий бўлиб қолишни афзал кўраман”.

 — Ҳеч ҳазилларингизни танқид ҳам қилишганми?

— Ҳа, танқидларни ҳам эшитиб турамиз. Бу табиий ҳол, чунки ҳаммага бирдек ёқавермаймиз, қолаверса, ҳамманинг таъби турлича. Ҳаммага ҳар хил таом ёқади-ку, ҳазиллар ҳам шу каби — кимгадир ёққани бошқа бировга маъқул келмайди. Таъб борасида муҳокамага ўрин йўқ. Бу ҳамманинг ўз дунёқарашидан келиб чиқади. Мен имкон борича ҳозирги замонга ҳамнафас, ўқийдиган, ишлайдиган инсонларга мос ҳазиллар қилишга ҳаракат қиламан. Икки ҳафта ўқимаган, икки ҳафта ишламаган, уйда ўтирган одам мени тушунмаслиги мумкин (кулиб).

— Келгусида бошқа бирон касбни ҳам эгаллаш ниятингиз борми?

— Менинг наздимда, инсон диққат-эътиборини фақат битта нарсага қаратиши керак, шунда кўзлаган мақсадига етади. Бир вақтда ҳар хил нарсаларга улгураман, деган одам катта хато қилади. Шуғулланаётган фаолиятимизга қанчалик меҳр берсак, уни бойитиб борсак, ўшанда ўзимиз ҳам шу касб ортидан меҳр топа оламиз. Мен ҳам ўзим ҳозир шуғулланаётган касб бўйича янада изланиш мақсадидаман. Айнан телевидение соҳаси бўйича яна ўқиб, билимларимни ривожлантириш ниятим бор.

Муҳаббат ШАРИФОВА суҳбатлашди.