Душанба, 26 Август 2019

Миннатли тош тиш синдирар

— Вой, ўртоқжон, ўн йилдан буён кўришмаган курсдошлар учрашувига кетяпмиз, ахир. Қулоқ, бўйинларинг, бармоқларингга тақинчоқ тақмабсан… — Гулнора бошдан-оёқ ясаниб, ярқираб чиққан Озоданинг гапини эшитмагандек индамай сўрининг бир чеккасига осилган сумкасига қўл узатаётган эди, дугонаси унинг тирсагидан тортиб тўхтатди.

— Ҳой, инсон, сенга гапиряпман, қулоғинг том битганми?

Гулноранинг ранги оқаринқиради, зум ўтмай кўзларида ёш ҳалқалана бошлади. Тиззаларидан дармон кетгандай сўрининг бир чеккасига омонатгина ўтирди.

— Ўртоқ, кейинги ярим йил ичида бошимга қандай савдолар тушганини  билмайсан-да… Ҳалиям одамнинг жони қаттиқ экан, судралиб бўлса-да, юрибман… — деди оҳистагина. Озода унинг рўпарасига ўтиб, икки қўлини ушлади.

— Гапир, нима бўлди? Нега шу пайтгача менга ҳеч нарса айтмадинг?

— Айтаганим билан бирор нарса ўзгариб қолармиди? Йўқ, айтай ҳам дедим. Қизим: — Ойи, ҳар ким ўз бошига ёғган қорни ўзи курагани яхши. Нима қиласиз гапни кўпайтириб, деганидан сўнг тилимни тишим орасига олдим-да… — Гулнора энди елкаларини силкитиб расмана йиғлай бошлади.

— Э, қўйсанг-чи, ўзиям жуда бўшашиб кетибсан. Салга кўз ёш қилаверадими одам дегани? Маҳкамроқ бўлади-да. Мениям йиғлатма энди, макияжим бузилади, нақ беш юз мингга қилдирганман-а? — Озоданинг аччиғи чиққандек бўлди.

— Шу… Акбаржон катта пулга тушиб қолди… Тезликда тўламасак, қарз берганлар ёқасидан бўғишди. Ғалатироқ одамлар экан, қўрқитишди… Бор-будимизни бериб, қутилдик. Онамиздан ёдгориям қолмади, қайнонамиздан меросиям қолмади, шип-шийдам бўлдик… — Гулнора ҳиқиллай-ҳиқиллай йиғи орасида айтмай юрганини айтди.

— Нима қилди эркатойинг? Қимор ўйнабдими? Ўзи нима етишмайди шу тантиғингга, билмайман. Яқиндагина данғиллатиб тўй қилиб берган бўлсанг… Суймасанг ҳам суйганини қўйнига солиб қўйган бўлсанг… — Озода чиндан аччиғи чиққандек қўлларини пахса қилиб гапирди.

— Ҳамма гап ўша тўйда-да. Менга айтмай анча-мунча қарз олиб ташлаган экан. Тўйхонани ясатишга, хориж машиналарига… Ярмини айтса, ярмини айтмаган экан.. Мана энди ҳаммаси ошкор бўлди…

— Эндиям айтмай ўзи тўлаб қутилса бўлмасмиди? Нега энди айтибди? Ўғиллар онасининг қулоқ-бўйинларини тиллою бриллиант билан безаб қўйганда, сеники юлиб олибди-да! Инсофсиз экан боланг!

— Қўй, унақа дема! “Тўлаб юбораман”, деб ўйлаган-да. Лекин тўйдан кейин негадир иши юришмай қолди… Тақинчоқ бўлса, ўрни тўлиб кетар, муҳими, кўнгил хотиржамлиги… Гулнора кўз ёшларини артди. У энди бир оз бўлса-да, ўзини тутиб олгандай эди.

— Келинингнинг ўзини ёқтирмаган эдинг, энди оёғиям ёқмабди-да. Отаси бадавлат деган эдинг, тўй уларники, қарз уларники, тўлаб бера қолмабди-да, сенинг қулоқ-бўйнингга осилмай!

— Ҳадеб гапираверма шуни. Нима, тилло тақсам Гулнора плюс, тақмасам, Гулнора минус бўлиб қоламанми? Бўлдими, тур энди кетдик. Шу гап шу ерда қолсин. Резинкадек чўзиб юрма! — деди Гулнора.

— Й-ў-ўқ. Ўтиришга бунақа бормайсан. Сен уялмасанг, ўртоқларимиздан мен уяламан. Ўзи аввалги учрашувда ҳам “Қизимни ўқитяпман, ўғлим репетиторга қатнаяпти”, деб одмигина  кийиниб боргандинг. Келинингдаям фаросат деган нарса йўқ экан-да. Борингни эри шилиб олганини билгандан кейин ўзининг бисотидан бир-икки нарса бериб турмайдими?

— Озода, жон Озода! Келинимни тинч қўй! Боламга тенглаб олиб бердимми, уям бир болам. У ҳақдаги қаттиқ гап кўнглимни оғритади. Қани, борадиган бўлсак, борайлик. Биз курсдошлар билан ҳеч қандай манфаатсиз, ёшлик меҳр-муҳаббати билан бир-биримизга боғланганмиз. Шундай экан, ўртоқларимиз қулоқ, бўйнимизга эмас, кўнглимизга қарайди, — Гулнора сумкасини билагига илиб, бир неча  қадам ташлади.

— Тўхта, мен қанақа ўртоқ бўлдимки, ўзим ярқираб, сени бу аҳволда олиб борсам…

* * *

— Ўртоқлар, ўртоқлар, битта-биттадан гапиринглар! Ҳамма гапиряпти, ҳеч ким бир-бирини эшитмаяпти. Диққат, диққат, ҳамма менга  қарасин! — Талабаликда гуруҳ сардори бўлган Муборак исмли аёл кафтларини бир-бирига уриб, бир стол атрофига жам бўлган дугоналарини ўзига қаратмоқчи бўлар, лекин ўн йилдан буён бир-бирини кўришга интиқ бўлиб, роса гаплари кўпайиб кетган дугоналар бирпас Муборакка қулоқ солишгандек бўлишарди-ю, яна гапга тушиб кетишар эди.

— Ҳой, яхшилар, фақат ўғил-қизингдан гапиравермай, ўзларинг ҳақингда ҳам нимадир айтинглар. Ким нимага эришди? Ким ким билан борди-келди қиляпти? — Рисолат исмли аёл талабалигида қандай бўлса, шундай қолган эди. У ўшанда ҳам икки киши гапиришиб турса:

— Ҳой, нима деяпсизлар? Ким нима деди? — дея орага суқилар эди.

— Рисолат, қизиққанингдан ёрилиб кетай, деяпсанми? Мана, биз Гулнора билан ҳалиям яқин дугонамиз, — Озода ўрнидан туриб гапирди. — Бечора  ўртоғим ҳалиям ўша-ўша: ўзини эмас, ҳамиша ўзгаларни ўйлайди. Мана, ўғли хоҳлагандек тўй қиламан, деб қулоқ бўйинларигача яланғочлабди. Ўртоқ бўла туриб мен шунга қараб турармидим? Ўтган йили гап ўйнайдиган бу улфатим  Ҳиндистондан узук, зирак, занжир қилиб комплект олиб келиб берган эди. Мана, ярқиратиб, Гулноранинг  қулоғию бўйнига тақиб қўйдим. Ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб, давраларингга нур сочиб ўтирибди, — деди Озода. Гулнора қип-қизариб кетди. Беихтиёр  боя Озода қўярда-қўймай тақиб қўйган феруза кўзли тақинчоқларини ушлади. Олиб қўйишга чоғлангандек бўлди.

— Бекорга Гулноранинг қулоғию  бўйнини безамагандирсан. Сен шамол бўлмаган жойда йўталмайсан, — деди Саодат исмли курсдошлари.

— Йўқ, йўқ, эвазига ҳеч нарса талаб қилганим йўқ, ўлай агар. Қулоғию бўйни яланғоч бўлгач, ўзимникидан биттасини сандиғимдан олиб Гулнорага тақиб қўйдим, холос…

— Ҳа, дўст деган шундай бўлади-да. Гулнор, ўғлингни уйлантирибсан. Келининг ниҳоятда чиройли эмиш… —  Курсдошлардан бири гап мавзусини бошқа ёққа буриб, пешонасидан тер чиқиб, қип-қизариб ўтирган Гулнорани чалғитмоқчи бўлди. Лекин Гулнора ўтиргандек бўлмади. Гарчи гап мавзуси ўзгарган бўлса-да, Гулноранинг қулоқ, бўйин, бармоғига ўртоғининг таққан зийнатлари бўғаётганга ўхшарди. Кимдир нималарнидир гапирди, лекин ҳеч бири Гулноранинг қулоғига кирмади.

***

— Ойи, энди бир камингиз бировнинг сарқитини тақиб, эл ичига  кириш эди…

Гулноранинг қизи ойисининг уйига важоҳат билан келди. Эмишки, ойиси Озода исмли ўртоғининг тақинчоқларини тақиб тўй-томошаларга бориб, мақтаниб юрганмиш. У бу гапни эшитгандан буён дугоналари орасида бош кўтаролмай қолганмиш…

— Ойи, кап-катта хотинсиз-ку, шу Озода  исмли ўртоғингизнинг тақинчоқларини омонатга олиб тақиб юргани уялмайсизми? Кошки, ўша хотиннинг тили маҳкам бўлса! У ҳаммага: “Гулнорага Ҳиндистондан олиб келган феруза кўзли комплектимни бериб турибман. Ахир, у менинг дугонам-ку. Ўзим ярқираб  борсам-у, дугонамнинг қулоқ, бўйин, бармоқлари бўшаб ётса,  мен индамай юраверсам, қанақа дугона бўлдим?” деб гапириб юрганмиш. Эшитган ҳам эшитибди бу гапни, эшитмаган ҳам эшитибди. “Ҳозир бировнинг тақинчоғини омонатга  олиб тақадиган замонми? Ўлдим, деган аёлда бир жуфт узук, зирак бўлади. Гулноранинг болалари шу қадар  инсофсиз эканми, онасининг бисотини ҳам юлиб олишса.. ”, тарзидаги  гаплар катта-кичикнинг оғзида чайналиб юрибди. Хўп, укамнинг қарзи учун мен ҳам, сиз ҳам шу лаънати тиллаларни сотдик. Хўш, шунга нима бўлибди? Бор-борингизча бораверсангиз бўлмасмиди ўтиришга! Келиб-келиб шу Озода  ўртоғингиздан буюм оласизми?

Гулнора қизининг таъналари тўғри эканини сезиб турар, лекин озгина бўлса-да, ўзини оқлаш учун:

— Мен ундан ҳеч нарса сўрамадим, ўзи зўрлаб тақиб қўйди, — дея олди, холос.

— Қаерга қўйдингиз ўша матоҳларни? “Миннатли тош тиш синдирар”, дейишади. Беринг менга, олдига ирғитиб келай… — Қизи бундай демаса-да, Гулнора шунча дилхираликларга сабаб бўлган омонат тақинчоқларни  қизига тугиб бермоқчи бўлаётган эди. У шу ишни қилаётганда Озода яна бир даврада ўзининг ҳақиқий дўст эканлигини, қулоқ, бўйни бўшаб қолган ўртоғини ярқиратиб қўйганини айтиб, мақтанар эди…

Ойюнус.