Чоршанба, 21 Август 2019

Шукрулло Исроилов: “Янги дастурда фақат янги ҳазиллар бўлади!”

Қизиқчиликхалқимиз томонидан ардоқланиб, аждодлардан авлодларга етказиб келинаётган касблар орасида энг кўҳнаси бўлса, ажаб эмас. Шукрулло ИСРОИЛОВ бугун айнан шу соҳани муносиб давом эттираётган ижодкорлардан бири ҳисобланади. Халқона ҳазиллари билан мухлислар қалбидан жой олган санъаткор айни кунларда ўзининг янги концерт дастурига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Санъаткор ҳақида

1970 йил 14 январда дунёга келган.

Мусиқа мактабида рубоб йўналишида таълим олган.

Шшарқшунослик институти ва халқ хўжалиги институтларини битирган. Санъатдаги фаолияти давомида дунёнинг кўплаб мамлакатларида гастроль сафарларида бўлган.

— Анчадан буён сизни “Ошхона қироли” кўрсатувида бошловчи сифатида кўряпмиз. Лойиҳани қилиш ташаббуси ўзингиздан чиқдими ёки бу бирон таклиф асосида бўлдими?

— Ҳали “ZO`RTV” телеканали очилмасидан олдин ошхона ҳақида кўрсатув қилсак ва уни ўзим олиб борсам, деган таклифни берган эдим. Раҳбарият бу фикримни маъқул кўрди ва айнан мен ҳамда “Ошхона қироллари” кўрсатуви учун телевидение ҳовлисида алоҳида ошхона қурилди. Кўрсатувларимизни ҳозиргача олиб боряпмиз, кўпчиликка маъқул келмоқда, лойиҳа ҳаммага ёқаётганидан хурсандман, албатта.

— Кўрсатув иштирокчиларни қандай танлайсиз?

— Одатда кўрсатувга иштирокчиларни муҳарриримиз Барнохон танлайди ва таклиф қилади. Улар орасида актёр ва актрисалар, хонандалар бўлиши мумкин. Лекин гоҳида иштирокчиларни ўзим ҳам танлайман.

— Сизни халқимиз таниқли сўз устаси, қизиқчи сифатида билади. Болаликда ҳам бугунгидек ҳазилкаш бўлганмисиз?

— Болалигимда санъатни яхши кўрардим, лекин оиламиз аъзоларининг ҳаммалари шифокорлар бўлишгани сабаб, онамлар аввалига санъаткор бўлишимга норози бўлганлар. “Бизнинг авлодда артистлар йўқ, ҳамма шифокор, демак, сен ҳам шифокор бўласан!” дейишган. Ҳатто 1987 йилда мактабни битирганимдан кейин тиббиёт соҳаси бўйича ўқиш учун институтга ҳужжат топширганман. Аммо озгина балл етмай, ўқишга кира олмаганман. Шундан кейин мени Самарқандга жўнатмоқчи бўлишган. Аммо мен у ёққа боришга кўнмаганман. “Бормасанг, касалхонада ишлайсан”, дейишган ва бир муддат санитар бўлиб ҳам ишлаганман.

Мактабда ўқиб юрган пайтларимдаёқ устозимиз Мирзабек Холмедовнинг чиқишлари ёзилган кассеталарни эшитиб, уларга тақлид қилишни яхши кўрардим, уларга ўхшаган қизиқчи бўлишни орзу қилардим. Худога беҳисоб шукур, мана, ҳозир жуда Мирзабек ака даражасида машҳур бўлмасак ҳам, чиқишларимизни халқимиз севиб томоша қиляпти. Тўғри, ҳамма мени яхши кўради, демайман, балки ёқтирмайдиганлар ҳам бордир. Лекин мени ёқтирмайдиганларнинг ҳам кўнглига йўл топишга ҳаракат қиламан.

— Айнан қизиқчилик борасида устозларингиз ким?

Айнан қизиқчилик соҳасида устозларим — Обид Асомов ва Мирзабек Холмедов. Шу билан бирга Обид акам ва Мирзабек акамнинг устозлари — Тўхтамурод Азизовни, Ботир Муҳаммадхўжаевларни ҳам устозларим, деб биламан.

Аслида қизиқчиликни ўргатиб бўлмайди. Бу касб эгаси бўлиш учун одамнинг ўзида иқтидор бўлмаса, қийин. Лекин ҳавас билан кимнингдир йўналишини танласангиз, унинг ижодидан илҳом олсангиз, ҳазилларини тақлид қилиб, тажриба оширсангиз, албатта, бу инсонни устозим, дейсиз. Мен ҳам мана шу устозларимизга ҳавас қилиб, уларнинг йўналишида ижод қилиб, шу даражага эришдим.

— Аёлингиз, фарзандларингиз ижодингизга қандай қарашади: кўпроқ танқидийми ёки ижобий?

Ижодимга фарзандларим, аёлим яхши муносабат билдиришади. Ўғилларим кўпинча “Дадажон, сиз яхши қизиқчисиз, ўзингизни доим жиддий тутасиз. Ҳазилларингизда ортиқча бачканалик йўқ. Одамлар шу жиддийлигингизни жуда ҳурмат қилишади”, дейишади. Уларнинг бу фикрларидан хурсанд бўламан.

— Улар ичида издошларингиз борми?

Фарзандларим ичида издошларим йўқ. Лекин катта ўғлим ва қизимда санъатга иқтидор бор, ўғлим жуда ҳазилкаш, қизим жуда чиройли рақсга тушади. Қондан ўтган бўлса керак-да, шундай дейишади-ку… Уларнинг санъаткор бўлишини ўзим хоҳламадим. Қолаверса, аёлим ҳам фарзандларимизни жиддий соҳаларда ўқитиш таклифини берди. Бу фикрни қўлладим, албатта. Ҳозир уларнинг ҳаммалари ўқимишли, катта ўғлим Хумоюн шарқшунослик институти ва халқ хўжалиги институтларини битирди. Айни пайтда банкда ишлайди. Иккинчи ўғлим Фарҳоджон нефт ва газ соҳаси бўйича Губкин номидаги Россия давлат университетини тамомлади. У ҳозир Москвадаги президент академиясида давлат бошқаруви факультетида ўқишини давом эттирмоқда. Бу йил, худо хоҳласа, академияни битиради. Айни пайтда ўзимизда, Вазирлар Маҳкамасида амалиёт ўтаяпти. Қизим Муштарий жаҳон тиллари университетида ўқийди. Рафиқам Мақсудахон Тошкент стоматология институтида талабаларга лотин тилидан дарс беради. Тажрибали, катта ўқитувчи, яқинда фан доктори бўлди.

— Яккахон шоу арафасида турибсиз. Томошабинларни бу сафар  қандай янгиликлар билан хурсанд қилиш ниятингиз бор?

— Яккахон шоу — “Шукур шоу”га жуда катта тайёргарлик кўряпман. Уч кун давом этадиган ушбу дастуримизда эски мавзулар йўқ, ҳаммаси янгиликлар бўлади. Шоуга тушган одам афсусланмайди, худо хоҳласа. Дастурни халқимизга манзур бўладиган даражада ўтказсам, ўзимни жуда бахтиёр, деб биламан.

— Сизни билган барча инсонлар ҳар дақиқадан қувноқ ҳазил учун сабаб топа олишингизни айтишади. Шукрулло Исроиловнинг ҳаётида ҳазилсиз ўтадиган пайт бўладими?

— Ҳаётда, оилада жиддийман, албатта. Ҳазилнинг ҳам ўз ўрни бор: саҳнада, тўйда санъатимизни кўрсатамиз. Ошна-оғайнилар, яқин инсонлар билан бўладиган давраларда санъаткор бўлганим учун ҳазиллашиб, ҳаммага хуш кайфият улашишга ҳаракат қиламан. Оилада ҳам ҳазил-ҳузул қиладиган пайтлар бўлади, лекин уйда кўпроқ жиддийман. Кўча-кўйда ўринли-ўринсиз ҳазил қилсангиз, бу атрофдагиларга масхарабозлик, бачканалик бўлиб кўринади. Шу сабаб, асосан, саҳнада касбимизни бажарамиз, лекин уйда, ишда, кўча-кўйда оддий инсон бўлишга ҳаракат қиламиз.

— Бошловчилик ва қизиқчилик. Бу касбларнинг қайси бири сизга қизиқарлироқ?

Ҳар икки касбни ҳам ўзим учун қизиқарли деб биламан. Чунки санъатда илк фаолият бошлаган пайтларимда, дастлаб бошловчилик ҳам қилганман. Бошловчиликни қанчалик қизиқарли олиб борсангиз, халқ шунча мазза қилади. Фаолиятим давомида бу касбларнинг ҳар иккиси ҳақида ҳам ўзимни чархлаб боришга ҳаракат қилганман доим. Кўрсатув қилиш ғоясини ҳам буни уддалашга кўзим етгани учун дадил айта олганман.

— “Ошхона қироллари”да тайёрланган таомлардан сизга энг маъқул келгани қайси бири бўлди?

— Кўрсатувнинг яқинда эфирга берилган сонларидан бирида Фарғоналик санъаткоримиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яхёбек Мўминов ва хоразмлик санъаткоримиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тўлқин Жабборовлар меҳмон бўлишди. Ҳар икки иштирокчимиз ҳам жуда мазали таомлар тайёрлашди. Тўлқин Жабборов пиширган хоразмча таом ҳам, Яҳёбек Мўминов дамлаган ошнинг мазаси ҳам ҳалича оғзимда турибди.

— Келин туширгансиз, қайнаталик масъулиятини қай даражада ҳис этдингиз?

— Дарҳақиқат, қайнатаман, битта ўғил неварам бор. Келинимиз ҳам кимнингдир ардоқлаб ўстирган фарзанди, уни ўзимизнинг қизимиздек қабул қилганмиз. Кўз тегмасин, овқатларни жуда мазали тайёрлайди, қўли ширин, яъни келинимиз ҳам айнан ўзимизбоп, хизматимизни қиляпти. Биз учун ёшлар қўша қариб, бахтли ҳаёт кечиришсин, бир ота-она сифатида энг муҳими ёшларнинг бахтли яшаши, деб биламиз.

Муҳаббат ШАРИФОВА суҳбатлашди.