Чоршанба, 21 Fevral 2018

8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Конституциянинг янги нашрида асосий қонунимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ўз ифодасини топди

1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди.

Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўтган давр мобайнида Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар негизида миллий қонунчилик тизими барпо этилди. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалишига, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган самарали ислоҳотларга асос бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Ўзбекистон” нашриёти томонидан янгидан нашрдан чиқарилгани Бош қомусимизнинг 25 йиллик айёмига муносиб туҳфа бўлди. Конституциянинг янги нашрида сўнгги йилларда Асосий қонунимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ўз ифодасини топган.

Китоб ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида кўп минг нусхада чоп этилди.