Пайшанба, 18 Yanvar 2018

Биз иримчи эмасмиз (ҳажвия)

Иримга ишонадиганлардан эмасман-у, лекин баъзиларини ҳисобга оламан. Масалан, уйда супургини ҳеч тикка қўйдирмайман. Бевақт қичқирган хўрозни, қанча пулга олганимдан қатъий назар, шартта сўяман. Чойга шамачўп тушса, ҳар эҳтимолга қарши уйга  бозорлик қилиб келиб қўяман. Бурним қичишса, тезгина гўшт қовуртириб, еволаман. Йўлимни қора мушук кесиб ўтса, ҳар эҳтимолга қарши орқамдан биров келиб, биринчи бўлиб ўтишини кути-и-и-иб ўтирмайман… Вақтни бекор ўтказмай, шартта орқага бурилиб, бошқа кўчадан кетвораман. “Кафтингиз қичишган куни  ё пул кетади, ё пул келади, шунинг учун ҳамёнингизни уйда ташлаб кетинг”, деган гапгаям хотиннинг қистови билан амал қиладиган бўлганман. Ўзимга қолса бунисиниям тан олмасдим-у, битта амал қиладиган иримимнинг “ҳурмати” учун ҳам тан олишга мажбурлигимни ҳис этиб тураман. Яъни, эл қатори 13 рақамини хосиятсиз, деб ҳисобласам-да, йилда бир марта бериладиган 13- маошдан воз кечмайман. Энг малакали иримкаш ҳам бу  соҳада мен сингари йўл тутишига шак-шубҳам йўқ. Яъни, 13 рақами хосиятсизр-о-оқ саналса-да, лекин 13-маош кўринишида бир зумда хосиятлига айланади-қўяди. Бу мукофот пулининг Янги йил байрами арафасида берилиши-ку, нур устига аъло нур. Яъни, майда-чуйда харажатларнинг ўрнини қоплайди, қурмагур?! Шу хаёллар билан кеча олган 13-маошдан ўғилча сўраган пулни ажратаётганимда хонага кириб келган хотинимнинг ранги ўчди:

— Ҳай, дадаси, эрталабдан пул санаб, нима килмоқчисиз?

— Нима қилардим? Болага пул бермоқчиман.

— Вой-вой, эрталабдан-а?! Пулни кечқурун беринг, эрталабдан берсангиз, баракаси учади, деб неча марта айтганман сизга?!

— Оббо! Яна бошландими?

— Ҳа! Кеча менам пул сўрагандим, эсингизда йўқ! Телевизор кўраётганингизда “Совчи кутадиган дастурхонни тўғрилаб қўйишим керак, шунга пул беринг,” дегандим. Футбол ўлгурдан узилолмай, бермадингиз?! Келган совчиларнинг олдида изза бўламанми, энди?

— Қанақа совчи? Келишини қаёқдан билдинг?

— Келадиган совчи “бораман”, деб сиздан рухсат сўраб ўтирармиди? Уч кундан бери ҳовлидаги ёнғоқнинг устига келиб, зағизғон сайрайди. Кеча чойимга иккита узун чўпам тушувди. Бу билсам-билмасам, иккита новча совчи, дегани, дадажониси. Қизингизни бўйи етиб қолган, совчи унга келмай, менга келармиди?

— Бўлмағур гапни қўй, чой тайёрла, дўконга кеч қоляпман.

— Вой-вой, тўхтанг, ўнг кафтим қичишиб қолди. Ғойибдан етказган давлатингдан ўргилай! — деб хотин ўнг кафтини чап қўлтиғига беркитди. Камига мен кузатиб турганим нашъа қилиб:

— Ҳа, нима, баракани қочириш керак эмас-да! — деганча шарақлаб кулди.

— Бу туришингдан ҳали-вери чой тайёрлайдиганга ўхшамайсан. Майли, чойни келиб ичарман, энди… — деб қўл силтаб, кўчага отилдим. Болаларнинг онаси эса зағизғон сайратишга “сабабчи” қизимни тарбиялашга киришдиёв, унинг хонасига кираётиб, остонага қоқилганини айтиб: “Ана харидорларинг йўлда”, дея гап бошлагани қулоғимга чалинди.

— Ойижон,  нималар деяпсиз? Қанақа совчи? Ўқишим нима бўлади? Мен турмушга чиқмайман!

— Кўп гапирма! Ҳали сени шундай жойдан сўраб келишсинки, қандай қилиб рози бўлганингни ўзинг билмай қоласан… Уйга қайтганимда эшитган бу гапларим орадан ярим соат ўтганига қарамай, мавзу ҳалиям ўзгармаганидан дарак берарди. Мени кўрган хотинимнинг ранги “қув” ўчди.

— Вой, дадажониси? Дарров қайтибсизми? Ё кўрган тушим ўнгидан келиб…

— Ҳа, ҳа! Тушингда кўрган бит, илонларинг сенга давлат берганини айтишга чопиб келдим.

— Кесатмасдан тўғри гапиринг, нима бўлди ўзи? Нега рангингиз докадай оқариб кетди?

— Кечаси дўконимизни ўғри урибди! Кўрганларнинг айтишича, иккита нотаниш  новча йигит, — дедим атай “иккта новча” деган  сўзга урғу бериб… — Бир ҳафтадан бери дўкон атрофида изғиб қолишган экан.Ўшаларнинг иши бўлса керак, дейишяпти… —Эрталаб уйдан чап оёғингиз билан чиқиб кетганингизни кўриб, орқангиздан “ишқилиб бир кори ҳол бўлмасайди”, деб қолувдим-а… Хотинимнинг бу гапи қулоғимга кирди-ю, лекин миямда бунга сабаб,  “13-маошни ўн уч бўлакка ажратиб ишлатиш керак”, деган иримга амал қилмаганим эмасмикан, деган хаёл чарх  урарди. Яхшиям, иримчи эмасмиз, бўлмаса, бунга аниқ ишонган бўлармидик?!

Дилдора НАЗАРОВА.