Чоршанба, 23 Oktabr 2019

Рўзадаги таомнома

Муқаддас Рамазон ойида истеъмол қилаётган таомингиз  ҳар доимги таомномангиздан катта фарқ қилиши керак эмас ва, иложи борича, оддийроқ бўлиши лозим.

Саҳарлик рўзадор учун жуда муҳим ҳисобланади. Саҳарлик организмни кундалик қувват билан таъминлайди. Шифокорлар саҳарликка мураккаб углеводли маҳсулотлар — дағал ундан тайёрланган нон, ёрмали шўрвалар, барра сабзавотлардан тайёрланган салатлар ва қуритилган меваларни истеъмол қилишни маслаҳат берадилар.

Мураккаб углеводлар организмда узоқ вақт ҳазм бўлади, шу сабабли 8-12 соат давомида организмни қувват билан таъминлайди. Уларга гўшт, балиқ, тухум ва сут маҳсулотлари кўринишидаги оқсилларни қўшиш мумкин.

Ифторликка эса жуда ҳам ёғли, аччиқ, қовурилган, хамирли таомларни истеъмол қилишга муккасидан кетмасликларингизни маслаҳат берган бўлардик, чунки юқорида санаб ўтилган таомлар ошқозонга катта оғирлик тушишига, вазннинг ортишига, жиғилдон қайнашига олиб келиши мумкин.

Рўза тутишнинг асосида органзмнинг кераксиз моддалардан тозаланиши ва унинг тикланиши, соғломланиши ётади. Аммо саҳарликда узоқ вақт қоринни тўқ тутувчи ва қувват берувчи оқсилга бой хамирдан тайёрланган гўштли таомлар ва чанқоқни босувчи шираси енгил табиий мевалардан тайёрланган ичимликлар, шарбатлар айни муддаодир. Шунинг учун ҳам бугунги саҳифамизда саҳарликда қоринни тўқ тутувчи оқсил ва углеводларга бой — хоним, шунингдек,  инсонга тетиклик бағишлаб, чанқоқни босувчи енгил ширали ўрик шарбати ҳақида сўзлашамиз.

Хоним

Ўзингизга маълумки, буғда пиширилган ўрама — хоним пишириш учун қийманинг асоси: картошка, гўшт, пиёз ва зираворлардан иборат бўлади. Аммо айрим вилоятларда хонимга қилдек тўғралган сабзи ҳам солинади.

Бундан кўриниб турибдики, рўзадор инсон учун витаминларга бой ва тўқ тутувчи бундай таом айни муддао. Хоним яхши ҳазм бўлиши учун эса гўштни тўғраб эмас, қийма кўринишига келтириб солиш мақсадга мувофиқ.

Хоним фақатгина тўқ тутмайди, балки сабзи аралаштирилса, антиоксидант хусусиятга эга бўлади. Пиёз ва зираворлар эса рўзадорни микроб ва вируслардан ҳамда зиқликдан ҳимоялашга ёрдам беради. Таомни ўрик шарбати билан истеъмол қилиш эса танани фойдали микро ва макроэлементлар билан бойитади.

Кўпчилик ундан тайёрланадиган хамир маҳсулотлар семиртиради, деб ўйлайдики. Бу фикр унчалик тўғри эмас, боиси ун-хамирдан тайёрланадиган қандолат маҳсулотлари семиртириш хусусиятига эга. Нега? Чунки бундай егуликлар таркибида табиий ва нотабиий ёғ қўшимчалари бор. Шунинг учун семиришни истамайдиганлар кўпроқ қандолат маҳсулотларидан тийилишлари лозим.

Бундан кўриниб турибдики, хоним хамирли овқат бўлгани билан буғда пиширилгани ва ачитқи аралаштирмай тайёрлангани боис ҳам меъёрда истеъмол қилинганда, инсон танаси учун фойдалидир. Айниқса, саҳарлик қилиш мақсадида дастурхон атрофига ўтирган рўзадорлар учун. Боиси хамирли овқатларда ўсимлик клечаткаси кўп бўлади ва бу қоринни узоқ вақтгача тўқ ушлаш учун айни муддаодир. Бундан ташқари, хамирли егуликлар сафро ажралишини яхшилаб, В гуруҳидаги витаминларга бўлган эҳтиёжни қондиради.

 Ўрик шарбати

Барчамизга маълумки, шарбат қайси мевадан тайёрланган бўлса, таркибида худди шу меванинг фойдали жиҳатлари мужассамлашган бўлади. Шу сабабли, шарбат сотиб олаётганда меванинг соғлиқ учун фойдали томонларини ҳам инобатга олиш лозим. Масалан, ўрик шарбати — қон ҳосил бўлишида фаол иштирок этади, ўт ҳайдовчи, иссиқни туширувчи, ични юмшатувчи хусусиятга эга. Кўриш қобилияти, юрак-қон томир тизими ва меъда-ичак йўли фаолиятини яхшилайди.

Ўрик шарбат таркибида 4 фоиздан 20 фоизгача қанд моддаси, олма, лимон ва бошқа кислоталар, пектин, каротин моддалари ҳамда мағзида 29-58 фоиз атрофида ёғ мавжуд. Ушбу мева организмда А, С ва B гуруҳ витаминлари етишмовчилигида жуда фойдали. Ҳатто Қадимги Хитойда ҳолдан тойган беморлар ўрик шарбати ёрдамида қувватга кирган. Унинг шарбати меванинг ўзига қараганда енгил ўзлаштирилади. Ўрик шарбати ҳомиладор аёллар, қолаверса, болалар учун жуда фойдали ҳисобланади. Чунки у кўп миқдордаги кальций тузлари ва темир моддасига эга. 150 грамм ўрик шарбати ичиш орқали организмнинг каротинга бўлган кунлик эҳтиёжини қаноатлантириш мумкин. Бундан ташқари, кишининг аскорбин кислотасига бўлган бир суткалик эҳтиёжини қондириш учун 3-4 пиёла ўрик шарбати ичиш етарли.

 КАМОЛА тайёрлади.