Сешанба, 18 Декабрь 2018

Ифторларда исрофгарчиликдан сақланайлик!

Муборак Рамазон ойида эзгу амаллар бажарилади, хайр-саховатли кишилар меҳр-мурувват кўрсатиб, етим-есир, бева-бечоралар ҳолидан хабар оладилар, ўз хонадонларида ифторлик қилиб, рўзадорларни меҳмон қиладилар. Ҳадисларнинг бирида: “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўша рўзадор эга бўлган савобдан бирон нарса камайтирилмаган ҳолда берилади”, дейилган.

Рамазон иссиқ кунларга тўғри келган маҳалда бир рўзадорнинг савобини қўлга киритиш катта нарса. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам борки, уни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. У ҳам бўлса ифторлик маросимларидаги исрофгарчилик қилиш, кимўзарга ўйнаш, дабдабага берилиш иллатидир.  Банда ҳадисда айтилган мақомга кўтарилиш, рўзадор эришган савобни қўлга киритиш учун ифторликни дабдаба билан, исрофгарчиликка йўл қўйиб ўтказиши шарт эмас. Ифторлик бир пиёла сув ёки чой, бир коса овқат билан ҳам бўлади.

Аммо, афсуски, орамизда ифторлик қилиш билан ўзини халққа кўз-кўз қилувчилар, хўжакўрсинга, риёга ҳаракат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Рамазон тақво ойи, Рамазон меҳр-мурувват ва саховат ойидир. Албатта бу саховат ўз ўрнида қилингани маъқул. Меҳрга, эътиборга, моддий таъминотга муҳтожлар бир четда қолиб, қорни тўқлар, бой-бадавлат кишиларни ифторликка чақиришдан не фойда? Агар ифторликка етим-есир ва камбағаллар меҳмонга чақирилса, уларга оддий, камтарона дастурхоннинг ўзи етарли. Улар қорни тўйгани учун бир хурсанд бўлса, бой-бадавлат кишилар уларга меҳр кўрсатгани учун икки баробар хурсанд бўлади. Аллоҳ ҳам мана шу ифторликдан рози бўлади.

Ифторлик қилишдан мақсад ўз бойлигини, иморатининг чиройли чиққанию қимматбаҳо мебель, гилам ва пардаларини кўрсатиб қўйиш бўлса, бу ифторликдан ҳеч қандай фойда йўқ. Тўғри, биргина “фойдаси” бор: одамлар “фалончи шунақа ифторлик қилди. Энди дастурхонда одамдан бошқа ҳамма нарса бор”, дейишади. Биласизми, бу қачонгача давом этади? Кейинги ифторга боргунча. Эртаси куни бошқа жойда меҳмон бўлгач, кеча борилган хонадон эсдан чиқади…

Аллоҳ розилиги учун қилинадиган амални камтарона, исроф ва дабдабадан сақланган ҳолда ўтказиш, ниятни холис қилиш, одамларнинг маломатию мақтовларини ўйламай, холис Аллоҳ учун қилиш талаб этилади. Неъматларни исроф қилиб ифторлик қилиш билан гуноҳга ботгандан кўра, ҳеч ким билмаса ҳам, бир камбағалнинг рўзғорини бутлаб беришингиз минг марта афзал. Ифторлик фақат одамларни чақириш билан бўлмайди. Шундай ифторлик қилингки, уни Яратган билсин. Исрофгарчилик билан одамларни рози қиламан, деб дастурхон ёзсангиз-у, аммо мисқолча савобга эришмасангиз, бу ачинарли ҳолат, албатта.

Одилхон қори ЮНУСХОН ЎҒЛИ,

Шайҳонтоҳур тумани бош имом-хатиби.

66