Сешанба, 25 Июнь 2019

Қуёш нуридан зарарланиб қолманг!

Ўзбекистон — серқуёш ўлка. Бежизга бундай номланмаган. Чунки бизнинг мамлакатимиз ер куррасидаги қуёш нури энг нормал тарқаладиган жойдир. Қуёш оламга ўз нурларини таратиш билан бирга, инсонларга маълум бир миқдорда соғлиқ ҳам инъом этади. Қуёшдан тарқалаётган кўзга кўринмас ультрабинафша нур инсон саломатлиги учун аҳамияти бебаҳо. Шунингдек, қуёш нури инсон саломатлиги учун энг керакли бўлган Д витаминининг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Аммо қуёш нури фойдали экан, деб офтобда ётиб олиш ҳам мумкин эмас…

 Фотодерматоз сабабчиси

Биласизми, қуёшдан тарқалаётган ультрабинафша нур таъсирида терида узлуксиз оксидланиш-қайтарилиш реакцияси кечади, кальций ва фосфор гомеостазини сақлаб турувчи Д3 витамини синтез бўлади. Теридаги барча ҳужайралар, шу жумладан, терига пигмент етказиб берувчи меланоцитлар нормал функционал равишда ишлайди. Аммо ультрабинафша нур таъсирига баъзи одамларнинг териси қораяди, баъзиларда эса қизариш, шиш, қичишиш каби клиник кўринишда кечувчи тери касалликлари, яъни фотодерматозлар намоён бўлади.

 У қандай хасталик?

Фотодерматозлар серқуёш ўлкамиз учун хос бўлган касаллик ҳисобланади. Касалликнинг илк аломатлари баҳор ва ёз ойларида яъни,  иссиқ қуёшли кунларнинг бошланиши  билан номоён бўлади. Бунда қуёш нури таъсир этадиган соҳаларда (юз, бўйин, кўкрак қафасининг олди қисми, қўл ва оёқларнинг очиқ қисми )да тошмаларнинг тошиши  кузатилади. Яъни қуёш нури тушган терида, аввал унинг қизариши, шиши пайдо бўлади. Кейинчалик, қуёш нурининг таъсири давом этса, шу соҳаларда пуфаклар ҳам ҳосил бўлади. Қуёш нури таъсирида  узоқ муддат бўлиш юз, бўйин ва кўкрак терисида (қуёш нури таъсиридаги соҳалар) ажин, доғ ва сепкилларнинг пайдо бўлишига ва кейинчалик эса уларнинг кўпайишига  сабаб бўлади.

Хасталик беморларнинг меҳнат қобилиятини пасайтиради. Тошмаларни юз, бўйин соҳасида тошиши косметик нуқсонликлар билан кечиши беморларга руҳий ҳамда психологик таъсир этади. Қуёш нури таъсирида пайдо бўладиган фотодерматозлар кўпроқ нурга нисбатан ўта сезувчан бўлган ёки узоқ вақт қуёш нури таъсирида меҳнат қиладиган инсонларда кузатилади. Қуёш нурига нисбатан ўта сезувчанлик (фотосенсибилизация) эндоген ва экзоген омиллар (порфирия, пигмент алмашинувининг издан чиқиши, жигар касалликлари, гипо ва авитаминозлар, нерв-эндокрин системаси фаолиятидаги ўзгаришлар)га сабаб бўлади.

Агар киши ўзида қуёш нуридан келиб чиққан  касаллик белгиларини сезса, у ҳолда дерматовенеролог мутаҳассисига муражаат этишлари керак. Улар шифокор маслаҳати билан тўлиқ клиник кўрик ва лаборатор текширувларидан ўтишлари тавсия этилади. Чунки ҳозирги кунда қуёшга сезувчанликни аниқлаш учун “фотодоза” муолажасини ўтказиш кўпгина тери ва таносил касалликлар диспансерида йўлга қўйилган.

 Кўрсатмаларга амал қилинг

Ёз келиши билан барчамиз сув ҳавзаларида чўмилишни, офтоб нурида тобланишни хоҳлаб қоламиз. Лекин қуёшда тобланишнинг саломатликка фойдаси билан биргаликда зарари ҳам бор. Ҳар бир ишнинг меъёри бўлганидек, қуёш нурида тобланишнинг ҳам ўз вақти ва муддати бўлади. Агар қоидаларга амал қилинмаса, қуёш нурлари саломатликка акс таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун бу борада шифокор кўрсатмалари ва тавсияларига амал қилиш жоиз.

Қуёш нурлари энг кўп июль-август ойларида теримизни куйдиради ва қисқа муддат ичида қизартириб томирларнинг кенгайишига йўл очади. Бу нурлар таркибидаги ультрабинафша нур таъсирида баъзи ҳужайралар меланин моддаси ишлаб чиқариб, терини қорайтиради.

Қуёш ванналарини меъёридан кўп қабул қилиш эса  иммунитетни пасайтириб юбориш қобилиятига эга. Терининг тез қариб, ажинлар тушиши ҳам 70 фоиз ҳолатда қуёш нурлари остида кўп вақт ўтказиш билан боғлиқ.

 Тери саратонига сабаб бўлади

Ҳа, қуёш нурлари  теридаги тўқималарни бўшаштиради ва у тезда қуришиб-буриша бошлайди. Ёзда офтобда мунтазам, узоқ муддат юриш қуёш нурига таъсирчан кишилар танасининг очиқ соҳаларида турли хил хавфли ўсмаларни, шунингдек, тери саратони келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бежизга тери саратони қуёш инсоляция(қуёш нурларининг тушиши ва синиши)си юқори бўлган мамлакатларда яшаётган  ва узоқ вақт қуёш нури таъсирида бўладиган инсонлар (аксарият I ва II типга мансуб) орасида ниҳоятда кўп учрамайди. Шундай экан, имкон қадар ёзда офтобда кўп юрманг, қуёш нуридан ҳимояловчи воситалардан фойдаланинг.

 Кимларга тез таъсир қилади?

Инсон организмида иссиқлик энергияси ҳосил бўлиши билан бирга, айни пайтда уни тарқатиш жараёни ҳам давом этади. Агар икки соат давомида тўхтовсиз давом этадиган офтоб нурида юрса, инсон организми издан чиқиб, саломатликка салбий таъсир кўрсатади. Бундай ҳол узоқ давом этиши киши саломатлигига путур этказади.

Айни кунларда юртимизда об-ҳавонинг кескин исиб кетиши натижасида одамларда офтоб уриши кузатилади. Офтоб уриши ва иссиқ элитиши организмнинг қизиб кетиши натижасида юзага келади. Болалар, семиз кишилар, эндокрин, юрак қон-томир касалликлари билан оғриган беморлар бу каби салбий ҳолатга мойил бўлади. Офтоб уриши қуёш нурлари организмга тик тушаётганида, айниқса, бошни  қиздириб юборганда кузатилади.

Иссиқ кунда қизиш ёки кўп терлаш инсон организмида сув, туз алмашинувининг бузилиши, қон айланишининг қийинлашуви ва кислород танқислигига олиб келади.

Шунинг учун болалар жазирамада қуёш нури остида кунига 15 дақиқадан кўп сайр қилиши зарар. Агар бу ҳолат меъёрдан ошиб кетса, боланинг қони суюлиб, ҳарорати ошишига сабаб бўлади. Ҳатто ўрта ва кекса ёшдаги кишиларнинг қуёшда кўп юришлари оқибатида офтоб уриши ва турли юрак билан боғлиқ ҳолатлар безовта қилиши ҳам мумкин.

Қуёш нурларининг салбий таъсирларидан яна бири, томирларни кенгайтириши ва оёқларда варикоз, юзда эса ингичка томирларнинг ёрилишидан келиб чиқувчи қизил доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлишидир. Бундай касаллиги бор одамлар офтобда кўп қолиб кетмасликлари керак.

 Қуёш нури қачон фойдали?

Ёз кунларида эрталаб соат 7 дан 10 гача ва тушдан сўнг 16 дан кейин то ботгунча саломатлик учун энг фойдали бўлган қуёш нурлари тушади. Чунки ушбу вақтда ультрабинафша нурлар баданга тик тушмайди ва терига чуқур кириб бормайди. Бу эса терида куйиш ва турли тери касалликлари пайдо бўлишининг олдини олади.

 Зарар кўрмай десангиз….

Қуёш нурига нисбатан сезувчанлиги юқори бўлган одамлар куннинг 11.00 ва 15.00 соатлари орасида ўзларини ҳимоя қилишлари керак.  Чунки қуёш нурининг терига таъсири куннинг шу вақт оралиғида энг юқори бўлади.  Қуёш нурига таъсирчан кишилар шифокор-дерматолог тавсиясига асосан қуёшли кунларда кўчага чиқишдан 1 соат аввал махсус ҳимояловчи кремлардан фойдаланишлари керак. Бизнинг иқлим шароитимизда, албатта, SPF 50 дан паст бўлмаган офтобдан сақланувчи кремлардан фойдаланиш зарур. Бундай махсус крем кўчага чиқиш ва офтобда юришдан 30-40 дақиқа олдин тананинг очиқ қисмидаги тоза терига суртилади. Агар инсон чўмилиш ҳавзаларида бўлса, у ҳолда чўмилгандан сўнг албатта яна ушбу воситалардан фойдаланилади.

Кўча-куйда қуёш нури айни тик тушадиган маҳал юрсангиз, ҳаво ўтказиб турадиган соя­бонлар, турли бош ки­йимлари ва махсус офтобдан ҳимояловчи кўзойнаклардан фойдаланганингиз маъқул. Бу борада тананинг барча қисмини ёпиб турувчи енгил табиий матодан қилинган кийимларни кийиш ҳам фойдалидир. Чунки улардан қуёш радиациясининг ўтиши қийин бўлиб, терига кам миқдорда етиб боради. Сунъий матолар (полиэстерлар)дан тикилган кийимлар эса ип-газламали материалларга нисбатан ультрабинафша нурини яхши ўтказади ва ноқулайликларга олиб келади.

Бош кийим ва соябонлар қуёш нурининг юз ва бошга кўрсатадиган таъсирини сезиларли даражада пасайтиради. Чеккаси кенг бош кийим кўз, қулоқ супраси, бурун ва лунжларни жуда яхши ҳимоя қилади.

 Саидқосим АРИФОВ,

Тошкент врачлар малакасини ошириш

институти дерматовенерология ва

косметология кафедраси мудири,

тиббиёт фанлари доктори.