Пайшанба, 14 Ноябрь 2019

40 ёшдан кейин озиш мумкинми?

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, ҳар қандай ёшда қомат гўзаллигини ортга қайтариш мумкин. 40 ёшдан кейин ҳам чиройли қоматингизни кўз-кўз қила оласиз, аммо озиш усули бир оз бошқача бўлади.

 Тиббиётчилар статистикаси бўйича ҳар 10 йилда инсон ўртача 3-5 килограммга тўлишади. Ёш ўтиши билан аёллар ортиқча вазндан қутулишга ҳаракат қилмай қўйишади, бунинг иложи йўқ, деб ҳисоблашади. Бунга жисмоний фаолликнинг пасайиши, моддалар алмашинувининг секинлашиши ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Аммо наҳотки, ҳаммаси умид қилиб бўлмас даражада бўлса?

Баҳоналарга ўрин йўқ!

Кимлар учундир доим “Инсон ўзини қандай бўлса, шундай яхши кўриши керак”, “Ким кўҳлик? Дўмбоқ кўҳлик!” каби баҳоналари тайёр. Аммо буларнинг ҳаммаси қуруқ мақтаниш бўлиб, унинг ортида мақсадга етиш учун ҳаракат қилишни истамаслик яширинган. Ҳақиқатда эса гап фақат гўзалликда эмас, соғлиқни ҳам ўйлаш керак. Гипертония, атеросклероз, қандли диабет, касал бўғинлар — бу ортиқча вазнли одамларга хавф солувчи касалликларнинг кичик рўйхати.

Олимлар ёш катталашиши билан қувват сарфи қисқаришини аниқлашди. Агар ҳозир ҳам 10 йил аввалги миқдорда овқатлансангиз, вазнингизнинг ошиши турган гап. Чунки, одатда, кекса ёшда ёшликдагидан кўра кам ҳаракатланасиз. Иштаҳангиз эса ўша-ўша. Яъни олаётган қувватимиздан кам калория сарфлаймиз. Аммо аввалги қоматни қайтаришнинг иложи бор. Асосийси — завқ билан, ҳаётий жўшқинликни ҳис этиб озиш керак. Шунингдек, нафақат гўзал қоматга эга бўлишингизни, балки узоқ ва соғлом умр кўришингизни ҳам англаган ҳолда озиш лозим.

Ҳаётга қизиқишни қайтаринг

Ҳиссиётларнинг пасайиши, янгиликка, ҳаётга қизиқишнинг йўқолиши — буларнинг ҳаммаси ортиқча вазн йиғилишига туртки бўлиши мумкин. Қизиқиш йўқолгани сабаб уйдан чиқмайсиз. Юмушларингиз ҳам шунга яраша кам ҳаракат талаб қиладиган даражага тушиб бораверади. Ўрта ёшдаги кишиларнинг кўпчилиги бўш вақтларини шундай ўтказишади. Ҳаракатдан завқ олишнинг ўрнини овқатдан завқланиш эгаллайди.

Вазиятни ўзгартириш учун қизиқишингиз бўйича қандайдир тўгаракка ёзилинг, спорт билан шуғулланинг, велосипед сотиб олингфақат тинимсиз ҳаракатсизликка ундовчи ТВ ва юмшоқ дивандан узоқроқ бўлинг. Агар бунга эриша олсангиз, янги танишлар орттирасиз, улар уйда ўтиришингизга имкон беришмайди. Танишларингиз доираси қанча кенг бўлса, ҳаётингиз ҳам шунча мазмунли бўлади. Ишонинг, атрофингизда сизни ҳали ҳайратлантирувчи, мафтун қилувчи ва хурсанд қилувчи нарсалар кўп. Яхши кайфият симпатик асаб тизимини фаоллаштиради, бунинг натижасида қонда адреналин ортади, бу эса нафақат мушаклар тонусини оширади, балки ёғларни ҳам парчалайди. Шунинг учун ижобий ҳиссиётлар — чиройли қоматга элтувчи йўл ҳисобланади.

Моддалар алмашинувини фаоллаштиринг

Моддалар алмашинувининг пасайиши, организмнинг гормонал ўзгариши ёғ йиғилишига олиб келади. Аммо моддалар алмашинувини фаоллаштириш мумкин. Бунинг учун биринчи навбатда таомномангизни соғломлаштиринг. Масалан, кечки овқатга ёғли гўшт ўрнига буғда тайёрланган парранда гўштини енг. Ширинликларни чекланг, уларнинг ўрнига мева, қуруқ мева, сут маҳсулотларини истеъмол қилинг.

Озиш учун оз-оздан кўпроқ — бир кунда 5-6 маҳал ва бир вақтда овқатланиш лозим. Овқатланишлар орасида тоза сув ичинг. Бу организмни тозалайди ва ишдан уйга қайтаётиб бирон ширинлик олиш истагини йўқотади. Лимон, сабзи, лавлаги, киви, олма, саримсоқ, грейпфрут каби маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилинг. Улар организмни токсинлардан тозалаб, дармондорилар билан бойитади.

Парҳезлардан воз кечинг

Ёш ўтиши билан парҳезларнинг таъсири камаяди. Олимларнинг фикрича, одатда “парҳез — уни ташлаш ­— яна кўп овқат ейиш” тарзида кечувчи давр вазн ортишини кучайтиради. Шу сабаб, парҳезшунослар парҳезни эмас, овқатланиш ва ҳаёт тарзини режали ўзгартиришни тавсия қилишади. Бунинг бир нечта умумий қоидалари бор:

  • Секин, телевизорсиз овқатланинг. Овқат пайтида китоб, газета ўқиманг, диққатингизни таомнинг таъмига жамланг;
  • Ҳеч қачон оч юрманг. Икки ҳафтада бир марта енгил парҳез тутинг ва ўша куни фақат битта маҳсулот (кефир, маржумак, олма) истеъмол қилиш мумкин;
  • Организм учун енгил таомлар тайёрлашни ўрганинг. Одатий калорияли мазали таомлардан бир бўлак истеъмол қилса, бўлади;
  • Юриш, велосипед, сузиш ва каби енгил жисмоний юкламалар бўлиши шарт. Мақсад — машғулотлардан кейин чарчоқ эмас, тетикликни ҳис қилиш;
  • Уқалаш ва контраст душ одатга айланиши лозим;
  • Тўйиб ухланг. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, уйқусида муаммо бўлган кишилар 40 ёшдан кейин тез вазн йиғишади.

ДИЛОРОМ тайёрлади