Чоршанба, 21 Fevral 2018

2018 йилнинг энг ғайриоддий марафонлари

Муз устида югуришади

Кўлда югуриш — шу иборанинг ўзиёқ одамда ғалати фикрларни уйғотади. Югуриш ва оёқлари остида Байкалнинг шаффоф музларини кўриш эса — икки карра ғалати. Қатнашчилар Байкалнинг бир қирғоғида марафонни бошлаб, бошқасида тугатишади. Баъзан трассани қор босиб, шамол одамни тўхтатиб, йиқитгудек бўлади. Аммо бу марафон дунёдаги энг чиройлиларидан бири саналади. Марафон ёки яриммарафон масофасига югуришда қатнашиш учун югурувчилар ўзларининг тайёргарлик даражаларини тасдиқлашлари ва зарур маълумотномаларни тақдим этишлари керак. Ушбу тадбир 2018 йил 7 мартда, Байкал кўлида ўтказилади.

Вақт чекланган

Уолт Дисней Ворлд марафони йил бошида, 7 январда, Орландо шаҳри (АҚШ)да ўтказилди. Югуриш турли дистанциялар бўйича (42, 21, 10 ва 5 км) ўтказилади, аммо ҳар бир трасса эртакмонанд ва ғаройиб, чунки бу спорт тадбири дунёдаги энг сеҳрли жойда ўтказилади. Бироқ марафон масофасини босиб ўтиш вақти чекланган — 7 соат.

Ёввойи табиат қўйнида ўтади

Сафариком марафонининг ўзгачалиги шундаки, у буткул ёввойи табиат шароитида, қўриқхонада арслонлар, каркидонлар ва бошқа хавфли ҳайвонлар орасида ўтказилади. Айнан шунинг учун қатнашчиларни жип ва вертолётлардаги қуролланган рейнжерлар қўриқлайди. Аммо у ердаги манзара ажойиб, балки, шу нарса иштирокчиларни марафонда қатнашишга ундар?

Ушбу марафон 2018 йил 27 июнда, Кенияда бўлиб ўтади.

Якунига етказиш осон эмас

1999 йилнинг баҳоридан бери Буюк Хитой девори ёнида дунёнинг 60та давлатидан 2500га яқин югурувчи йиғилади. Улар учун асосий қийинчилик кўтарилиш ва тушиш жойларининг кўплигидир. Учтадан битта масофани (42, 21 ёки 8,5 км) танлаш керак бўлса-да, қатнашчиларнинг ўртача чорак қисмигина югуришни якунига етказади.

Ушбу марафон  2018 йил 18-19 май кунлари Тяньцзин(Хитой)да ўтказилади.

Ҳам саёҳат, ҳам мусобақа

Угандадаги халқаро марафон бир ҳафта давом этиб, маҳаллий аҳолининг урф-одатлари ва турмуш тарзи билан танишиш имконини беради. Бу саёҳат-марафон вақтида афсонавий Виктория кўлини ва бошқа унутилмас диққатга сазовор жойларни кўриш мумкин. Марафонда қатнашиш ташкилотчиларга маҳаллий жамоаларни қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Югурувчиларнинг аксарияти эса кейин бу ҳаётларидаги энг яхши ҳафта бўлганини айтишади. Югуриш масофаси – 42, 21 ва 10 км. Марафон 2018 йил 27 май-3 июнь кунлари Масака (Уганда)да ўтказилади.

Ярим тундаги қуёш марафони 

Тромсё (Норвегия) шаҳрида 42,195 км, 21,097 км, 10 км ёки 4,2 кмга югуриш 25 йилдан зиёдроқ вақтдан бери ўтказилмоқда. Июнда бу ерда қуёш кеча-кундуз нур сочади. Бу марафон энг узун қутб кунида бўлиб ўтади. Трасса Тромсёнинг одамлар яшайдиган туманлари орқали ўтган. Тадбир сифатлилиги билан машҳур. Бу йилги марафон 2018 йилнинг 16 июнида бўлиб ўтади.

Танаффус пайтида чой ичиш мумкин 

Югуриш Жанубий қутбдан 600 мил узоқда жойлашган “Union Glacier” тадқиқот лагерида бошланади. Тадбир бошланишидан аввал югурувчилар барча зарур анжомлар (иссиқлик сақловчи ич кийим, сув ўтказмайдиган иштон, ҳимоя кўзойнаги ва қўлқоп), чунки ҳарорат 30 даражагача пасайиши мумкин. Анъанавий масофага югуриш давомида қатнашчилар бир неча марта тўхташади. Бу танаффуслар пайтида қайноқ чой ичиб, тамадди қилиб олиш мумкин. Марафон санаси 2018 йил 24 ноябрда, “Union Glacier” (Антарктида)да бўлиб ўтади.

СЕВИНЧ тайёрлади.