Чоршанба, 21 Fevral 2018

Машҳур эшакнинг кутилмаган роллари, фильмдаги қизиқарли ҳолатлар

“Кавказ асираси” фильмидаги Шурикни қийнаб юборган эшакни ҳамма эслайди. Бу рольни Симферополь ҳайвонот боғида яшаган 18 ёшли Люся лақабли эшак ижро этган. “Бу ўжар ҳайвон бизни жуда қийнаб юборган”, — деб эслайди Люся ҳақида актёр Владимир Этуш. – Юриш кераклигида туради, туриш керак бўлганида юради. Леонид Гайдай унга ўта эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлган. Александр Демьяненко ўзининг тўрт оёқли дўстини “шалпангқулоқ” деб чақирарди ва Люся унга бажонидил жавоб қайтарарди. Эшак суратга олиш майдончасида фақат Шурик ва Нинани гапига кирарди, чунки бош роллар ижрочилари ҳеч кимга билдирмай унга қанд беришарди. Шуниси қизиқки, Люся ХХI асргача яшади ва ҳатто яна бир неча марта кинога тушушга ҳам улгурди. 2003 йили “Спецназ” сериали ижодкорларига суратга олиш учун  камера, ўқ овози ҳамда пиротехника товушидан қўрқмайдиган эшак керак бўлди. Уларга дарҳол кексайган Люсяни тавсия қилишди. Гап 1966 йили “Кавказ асираси”даги талаба минган эшак ҳақида бораётганини билган суратга олиш гуруҳининг ҳайратдан кўзлари чақчайиб кетди. Люся ҳақиқатан ҳам кескин товушлардан чўчимасди. Кекса эшак жанговар ҳаракатлар саҳналарини суратга олишда иштирок этар экан, уч кун Бахчисарой атрофидаги Қрим тоғларида кезди. Икки йилдан кейин “9 рота“ фильми ижодкорларида ҳам унинг истеъдодига талаб пайдо бўлди. Бу ерда ҳам Люся ўз ролини қойилмақом ижро этди. Фильмда уни десантчининг тоғ сўқмоғида афғон чол билан учрашуви саҳнасида кўриш мумкин. “Люся ҳар доим жуда айёр, иродали бўлган, — деб эслашади ҳайвонот боғи ҳодимлари. — Ҳамма нарсани тушунарди, қарилигига қарамай сакраб чопишни ҳам қойиллатарди”. Одатда эшаклар тахминан 30-40 йил яшайди, айримлари узоқроқ яшаши мумкин. Люся 1948 йили Ўрта Осиёда туғилган, деярли бутун умр Симферополь ҳайвонот боғида яшаган. Маҳаллий болалар уни яхши билишарди, дам олиш кунлари Люся болаларни боғда сайр эттирарди. Афсонавий эшак 2007 йили қариликдан вафот этди.

Ж. АБДУРАҲМОНОВ тайёрлади